Суюлтирилган газ билан таъминлашнинг ҳолати қониқарлими?

Бугунги кунда жами 100603 шахсий хонадон ва 124 мактабгача таълим ташкилоти (боғча) суюлтирилган газ билан таъминлаб келинмоқда.
Суюлтирилган газ истеъмолчиларига 2025 йил бошидан 176808 тонна газ фонди ажратилган бўлиб, газни қайта ишлаш заводларидан 17035 тонна ташиб олинди. Хусусий хўжаликларнинг ўз талабига мувофиқ 16427 тонна газ миқдори хўжаликларга тарқатилди.
– Республикамиздаги хусусий хўжаликларга суюлтирилган газни етказиб бериш учун айланма ҳаракатда 147433 дона газ баллон идишлар мавжуд, – дейди «Ҳудудгаз Қорақалпоғистон» газ таъминоти филиалининг суюлтирилган газ сотиш бўлими бошлиғи Руслан Ибрагимов.
Бугунги кунда корхонанинг марказий омборида 415, туман газ ҳудудлари омборларида 2169, жами 2584 газ баллон идишлари мавжуд.
Республикамиздаги суюлтирилган газдан фойдаланувчи хусусий хўжаликларнинг барчасига E-gaz онлайн дастуридан ID карталар орқали суюлтирилган газ етказиб бериш йўлга қўйилган.
Филиалга қарашли бўлинмалар махсус газ баллонларини ташувчи 27 дона Isuzu русумли автотранспортга эга. Улар ўз навбатида туманлар ҳудудида жойлашган олис қишлоқларга суюлтирилган газ баллонларини етказиб бермоқда.
Суюлтирилган газлар газ тўлдириш станцияси ва газ қуйиш шохобчаларига нефть ва газни қайта ишлаш корхоналаридан 6 дона MAN русумли махсус автосистерналарда ташиб келтирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарорига асосан куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга 8788 тонна суюлтирилган газ етказиб бериш белгиланган.
Суюлтирилган газ билан ўз вақтида таъминлаш мақсадида газ тўлдириш станциялари ва пунктлари дислокация бўйича ҳудудларга бўлинган. Яъни, Чимбой газ тўлдириш пункти Чимбой, Қораўзак, Тахтакўпир туманларини суюлтирилган газ билан таъминлайди, Қўнғирот туманида жойлашган газ тўлдириш пункти Қўнғирот, Мўйноқ, Шуманай, Қонликўл туманларини таъминлайди. Марказий туманларни эса Нукус газ тўлдириш станцияси, жанубий туманларни Амударё ва Беруний туманларида жойлашган газ тўлдириш пунктлари таъминлайди.

Истеъмолчиларнинг газ баллонлардан хавфсиз фойдаланишини таъминлаш мақсадида филиалимизга қарашли газ тўлдириш станцияси ва газ тўлдириш пунктларида газ баллонларни синаш ва техник кўрикдан ўтказиш лабораториялари фаолият кўрсатиб турибди.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги