Қозоғистонда вице-президент лавозими жорий этилади

Қозоғистонда давлат бошқаруви тизимида янги лавозим – вице-президент институтини жорий этиш режалаштирилмоқда. Вице-президентни давлат раҳбари парламент розилиги билан, кўпчилик овоз асосида тайинлайди. Унинг ваколатлари доирасини эса тўғридан-тўғри президент белгилайди.
Таклиф этилаётган тартибга кўра, вице-президент мамлакат президенти топшириғига асосан қуйидаги вазифаларни бажаради:
- Қозоғистон Республикаси манфаатларини халқаро форумлар ва хорижий давлатлар делегациялари билан музокараларда ифодалаш;
- Президент номидан парламентда иштирок этиш;
- Маҳаллий ва хорижий жамоат-сиёсий, илмий ҳамда маданий-маърифий ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш.
Вице-президент институтини жорий этиш нормасини Конституцияда мустаҳкамлаш таклиф қилинмоқда. Шу билан бирга, парламент фаолиятини таъминлаб келган айрим тузилмаларни тугатиш, шунингдек, давлат маслаҳатчиси лавозимини бекор қилиш режалаштирилган.
Маълумот учун, президент Қасим-Жомарт Тоқаев Конституцияга ўзгартиш киритиш бўйича референдум ўтказиш ҳақида тўхталиб, бу тадбир санаси махсус комиссия ўз ишини якунлаганидан сўнг эълон қилинишини маълум қилди.
«Биз, аслида, янги Конституцияни қабул қилиш сари қадам ташламоқдамиз. Шу боис мен Конституциявий комиссия тузишга қарор қилдим. Эртага тегишли фармонни имзолайман», – деди давлат раҳбари.