Спортда допингнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тартиби янада такомиллаштирилади
Жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, шунингдек, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кенгайтирилади.
Жисмоний тарбия ва спорт субъектлари қаторига Спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси киритилади.
Спортда допингнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тартиби янада такомиллаштирилади. Спорт мусобақалари натижаларига қонунга хилоф равишда таъсир кўрсатишга қарши курашиш юзасидан янги нормалар киритилади.
Бу фикрлар Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг мажлисида “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонунни дастлабки тарзда кўриб чиқиш асносида қайд этилди.
Қонун билан паралимпия, сурдлимпиада, махсус олимпия ва кўзи ожизлар спорти ҳаракатларига доир нормалар, спорт федерациялари, спорт клублари ва спорт лигаларининг ҳуқуқий мақоми ва фаолият юритиш тартиби, уларни реестрга киритиш ва чиқариш мезонлари киритилмоқда.
Қонунда мураббий, спорт ҳаками ва спорт агентининг ҳуқуқий мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам белгиланмоқда.
Қонунда аҳолини оммавий спортга жалб қилиш ва оммавий спорт тадбирларини тизимли ўтказиб бориш белгиланмоқда.
Қонунда спортчи ва мураббийлар давлат томонидан бир марталик ва ойлик тўлов шаклида қўллаб-қувватланиши мумкинлиги назарда тутилмоқда.
Сенаторлар, вазирлик ва идоралар масъуллари, қўмита экспертлари, Ёшлар парламенти вакиллари ҳамда маҳаллий кенгашларнинг тегишли доимий комиссиялари аъзолари иштирок этган муҳокамадан сўнг қонунни тасдиқлаш тўғрисидаги хулоса қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА