2025 йилда мамлакатимизнинг олий даражадаги ташрифлар географияси кенгайди

O‘zLiDeP фракциясининг йиғилишида қонун лойиҳалари муҳокамалари аввалида давлатимиз раҳбари раислигида Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолиятига бағишланган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Депутатлар ташқи сиёсатни замон талабларидан келиб чиққан ҳолда танқидий қайта кўриб чиқиш, уни аниқ натижага йўналтирилган янги тизим асосида ташкил этиш зарурлиги, геосиёсий беқарорлик кучайиб бораётган шароитда иқтисодий дипломатия ва фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши сифатида белгилаб берилганини эътироф этди.
Қайд этилганидек, 2025 йилда мамлакатимизнинг ташқи сиёсат соҳасида олий даражадаги ташрифлар географияси кенгайиб, “Марказий Осиё плюс” форматлари фаоллашди, стратегик шерикликлар сони 19 тага етди.
Ташқи савдо айланмаси илк бор 80 миллиард доллардан ошди, экспорт ва хорижий инвестициялар юқори кўрсаткичларга чиқди. Бу натижалар ташқи сиёсатнинг иқтисодий самарадорлиги ошиб бораётганини яққол кўрсатади.
Таъкидланганидек, Президентимиз иқтисодий дипломатияни кучайтиришни устувор вазифа сифатида белгилаб, элчилар олдига аниқ вазифалар қўйди. Энди дипломатик ваколатхоналар фаолияти экспорт тушумлари, инвестиция жалб қилиш, янги бозорлар очиш, туристлар оқимини кўпайтириш ва технологиялар жалб этиш каби кўрсаткичлар билан баҳоланади. Элчи энди фақат сиёсий эмас, балки иқтисодий натижа учун ҳам жавобгар экани қатъий белгиланди.
Муҳокамаларда фракция аъзолари хориждаги фуқароларимиз манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига ҳам аҳамият қаратди. Ташкилий меҳнат миграциясини кенгайтириш, фуқароларимизни касб ва тилга ўқитиш орқали қонуний ва юқори даромадли иш ўринларига йўналтириш каби вазифалар ташқи сиёсатда инсон манфаатларига хизмат қилиши қайд этилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА