Энергетика вазирлиги «метан заправка»лар фаолиятига вақтинча чеклов киритилганини маълум қилди

36

Ҳаво ҳароратининг пасайиши сабабли истеъмолчиларни энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида энергетика тизими 24 соатлик кучайтирилган иш режимида фаолият юритмоқда.

Ҳудудларда ишларнинг бориши доимий назоратда бўлиб, юзага келаётган носозликлар зудлик билан бартараф этилмоқда.

Қайд этилишича, ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши натижасида табиий газга бўлган талаб ошгани боис, айрим ҳудудларда қувурларда газ босимининг пасайиши кузатилмоқда. Шу муносабат билан аҳоли хонадонлари, тиббиёт ва таълим муассасаларини биринчи навбатда табиий газ билан таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланган.

Мазкур ҳолатдан келиб чиқиб, автомобилларга газ тўлдириш-компрессор шохобчалари — «метан заправка»лар фаолиятига вақтинча чеклов киритилган. Таъкидланишича, ушбу чоралар фақат совуқ кунларда аҳоли учун барқарор газ таъминотини таъминлашга қаратилган бўлиб, вазият барқарорлашиши билан чекловлар бекор қилинади. Ҳудудлардаги ҳолатдан келиб чиқиб, қўшимча маълумотлар тақдим этилади.

Шу билан бирга, аҳоли эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида ижтимоий соҳа объектларига хизмат кўрсатувчи ҳамда жамоат транспорт воситалари учун газ таъминоти чекловларсиз, барқарор тарзда таъминланади. Ушбу йўналишларда фаолият юритаётган транспорт воситаларининг узлуксиз ишлаши аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини сақлаб қолишда муҳим аҳамият касб этади.

Н.Зиёдуллаева,

ЎзА