Стратегия лойиҳасида нодавлат мактабларни 2030 йилда мингтага етказиш белгиланган

26

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида мамлакатимизнинг барча соҳадаги ютуқ ва натижаларини янада мустаҳкамлаш, юқори поғоналарга кўтаришга қаратилган қатор мақсадлар, устувор вазифалар ўз аксини топган.

Жумладан, таълим-тарбия соҳасида ҳам муҳим мақсадлар ва юқори марралар кўзланган. Таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда таълим-тарбия соҳасига хусусий секторни кенг жалб этиш, шу орқали соҳада янада кенг имкониятларни яратиш масалаларига устувор аҳамият қаратиб келинмоқда.

Бу борада стратегия лойиҳасида ҳам умумий ўрта таълимни ривожлантириш учун хусусий секторни кенг жалб қилиш мақсади кўзда тутилган. Хусусан, нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари сонини жорий 2026 йилда 750 тага, 2027 йилда 800 тага,  2028 йилда 850 тага, 2029 йилда 900 тага, 2030 йилда эса 1 000 тага етказиш мақсади белгиланган.

Стратегия лойиҳасининг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, ҳар бир йил учун алоҳида мақсадли кўрсаткич кўзда тутилган. Шу билан бирга,  белгиланган мақсадларга эришишнинг аниқ молиявий манбалари ҳам назарда тутилмоқда. Масалан, 2030 йилга бориб нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари сонини мингтага етказиш вазифасини амалга оширишнинг молиявий асоси сифатида хусусий сектор маблағларини жалб қилиш белгиланган.

Шунингдек, стратегик ҳужжат лойиҳасида нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотларида таҳсил олаётган ўқувчилар улушини 3 бараварга ошириш назарда тутилмоқда.

Бу каби вазифаларни амалга ошириш умумий ўрта таълим тизими янада сифатли, самарали бўлишига, ёш авлоднинг замонавий таълим билан қамраб олинишига хизмат қилади.

Маълумот ўрнида қайд этиш лозимки, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасини янада такомиллаштиришда фуқароларнинг фаоллиги, таклифлар билан иштирок этиши халқчил стратегия қабул қилинишига замин бўлади.

Муҳтарама Комилова,

ЎзА