Премьера: саҳнада «Прокурорнинг бир куни»

11

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида «Прокурорнинг бир куни» номли спектакль премьераси бўлиб ўтди.

Премьерада кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, томошабинлар иштирок этди.

Ушбу саҳна асарида жамиятда қонун устуворлиги, адолат ва инсон масъулияти каби долзарб масалалар бадиий ечимлар орқали очиб берилди. Спектакль воқеалари орқали бир кун давомида прокурорнинг фаолияти, унинг касбий бурчи, ички кечинмалари ва инсон тақдири олдидаги масъулияти чуқур ва ишонарли тарзда акс эттирилди. Спектакль томошабинни бефарқ қолдирмай, ҳаёт ҳақида фикр юритишга чорлайди.

Спектакль сценарийси муаллифи – Дилбар Раҳмонова бўлиб, у асардаги воқеаларни ҳаётий, равон ва таъсирчан услубда ёза олган. Саҳналаштирувчи режиссёр, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Марҳабой Усенов асарнинг ғоясини саҳнада маҳорат билан жонлантириб, ҳар бир образнинг характерини аниқ ва равшан очиб беришга эришган.

Актёрлар ижроси, саҳна ҳаракатлари, мусиқа ва декорациялар спектаклнинг умумий бадиий қимматини янада оширди. Томошабинлар ўйнаган образларга ишониб, воқеаларни ҳаётнинг ўзида бўлаётгандек қабул қилди.

«Прокурорнинг бир куни» спектакли ёш авлодда Ватанни севиш ва унга садоқат туйғуларини тарбиялаши билан аҳамиятлидир.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги