Классик дипломатия чегараларини кенгайтирган мулоқот ёхуд элчилар зиммасидаги масъулият ортди

1

Муносабат

Давлатимиз раҳбари ўтган йили 26 та хорижий давлатга олий даражадаги ташрифларни амалга оширди. Шунингдек, янги тарихимизда илк бор қатор мамлакатлар раҳбарларининг Ўзбекистонга ташрифлари ташкил этилди.

“Марказий Осиё плюс” форматидаги кўп томонлама мулоқотлар ҳам самарали бўлди. Сўнгги йилларда 11 та давлат билан стратегик шериклик ўрнатилди. Бугунги кунда бундай шериклар сони 19 тага етди.

Бу фикрлар Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 15 январь куни Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолиятига бағишланган видеоселектор йиғилишида таъкидланди.

Халқаро экспертлар ушбу мулоқотни ташқи сиёсатдаги янги босқич сифатида баҳоламоқда. Йиғилишда иштирок этган элчилар ЎзА мухбирига ўз фикрларини билдиришди.

Ботиржон АСАДОВ,

Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва мухтор элчи:

– Давлатимиз раҳбари таъкидлаган масалалар, берилган топшириқлар ва яратилган имкониятлар дипломатлар учун жуда муҳим йўл-йўриқлар бўлди. Жаҳон сиёсий манзараси кескин ўзгариб бораётган бир пайтда ташқи сиёсат фаолияти жуда мувозанатли ва ҳар томонлама таҳлилга асосланган бўлиши зарур. Президентимиз бугунги шароитда Ташқи ишлар вазирлиги қандай ишлаши кераклиги, Янги Ўзбекистон элчиси қандай бўлиши лозимлиги ҳақида аниқ, очиқ тавсиялар бердилар.

Ишимиздаги камчиликлар ҳам очиқча қайд этилди. Бу биз учун муҳим сабоқ. Йиғилишда иқтисодий дипломатияни сезиларли даражада кучайтириш, экспорт ва инвестиция ҳажмини ошириш, янги бозорлар очиш каби устувор вазифалар белгилаб берилди.

Туризм соҳасида элчиларнинг роли янада оширилиши, ватандошлар билан доимий мулоқотда бўлиш, муаммоларни жойига бориб ҳал этиш, “кабинет дипломатияси”дан воз кечиш каби кўрсатмалар ҳам ҳар биримиз учун жиддий масъулият юклади.

Бундан буён биздан фаол ташаббускорлик, натижа ва аниқ амалий иш талаб этилади.

Алишер АБДУСАЛОМОВ,

Корея Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчи:

– Президентимиз ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтиришда ҳудудлар ва элчихоналар ўртасидаги ҳамкорлик етарли даражада ривожланмаганини очиқ таъкидлади. Бу масала бизга янги вазифалар юклайди. Вилоятлар билан бирга ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни чет элда тизимли тарғиб қилиш, корхоналаримизга ташқи бозорга чиқишда амалий кўмак бериш биз, элчилар учун устувор йўналиш бўлиб қолади.

Шу билан бирга, Жанубий Корея билан ҳамкорликда илғор технологияларни жалб қилиш, саноатни модернизация қилишга хизмат қиладиган лойиҳаларни кўпайтиришга эътибор қиламиз. Юқори технологияли ишлаб чиқаришларни юртимизга олиб келиш бўйича ҳам аниқ вазифаларни режа қиляпман.

Туризм ва маданият соҳаларида янги ёндашув жорий этиш зарурлиги айтилди. Шунингдек, биз виртуал сайёҳлик кўргазмаларини ташкил этиш, Корея бозорида миллий маҳсулотларимизни тарғиб қилиш бўйича янгича ишлашга ўтамиз. Таълим, соғлиқни сақлаш ва кадрлар тайёрлаш бўйича эса халқаро грантларни кенг миқёсда жалб этиш режаларини белгилаб олдик.

Айтилган ҳар бир масала дипломатиянинг янги босқичига мос равишда фаол ишлашга чорлайди.

Фурқат СИДИҚОВ,

Америка Қўшма Штатларидаги Фавқулодда ва мухтор элчи:

– Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик муносабатлар эндиликда тўлақонли тарзда институтционаллашди дейиш мумкин. Америка Қўшма Штатлари мамлакатимизни минтақадаги ишончли ва истиқболли ҳамкор сифатида кўрмоқда. Бу эътирофнинг замирида Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган ички ва ташқи сиёсатнинг изчиллиги, амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотларнинг амалдаги натижалари мужассам.

Бугунги кунда Ўзбекистон билан АҚШ муносабатлари нафақат икки томонлама йўналишда, балки бутун минтақавий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим омилга айланмоқда. Ҳозирги сиёсий мулоқот даражаси ўзаро ишонч ва ҳурматга асослангани учун иқтисодий соҳада ҳам сезиларли силжишлар кузатиляпти.

Ўзбекистонга АҚШнинг етакчи компаниялари ва йирик молия институтларининг қизиқиши ортиб бормоқда. Маълумки, бундай компанияларнинг муайян бозорга кириши осон эмас. Чунки улар фақат барқарор, ишончли ва истиқболли давлатларга сармоя йўналтиради. Шу жиҳатдан, мамлакатимиздаги бизнес муҳитининг яхшиланиб бориши хорижий сармоядорлар учун янги имкониятлар очмоқда.

Бундан ташқари, бугунги кунда Ўзбекистон АҚШнинг йирик технологик компаниялари учун ахборот технологиялари бўйича хизмат кўрсатиш “хаб”ига айланиб бормоқда.

Йиғилиш давомида мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини ошириш, инвестицияларни кенг кўламда жалб этиш ва хориждаги ҳамюртларимизга кўмак бериш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб олдик.

Ҳақиқатан ҳам, элчихона ва консуллик муассасалари фуқароларимизнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда фаол бўлиши шарт. Чет элдаги ҳамюртларимизнинг ҳар бир мурожаатига батафсил эътибор бериш, зарур ҳолларда малакали юридик ёрдам кўрсатиш бизнинг бевосита вазифамиз.

ЎзА мухбири Икром АВВАЛБОЕВ ёзиб олди.