«Қорақалпоқфильм» янги ижодий босқичда

4

Кино бизнинг яшаб турган ҳаётимизнинг экрандаги тасвири. Кино эртаклар олами. Кино эртанги келажагимизни ҳам экран орқали акс эттирадиган санъат тури. Қарийб қирқ йиллик тарихга эга қорақалпоқ кино санъатига ҳукуматимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўллаб-қувватлаши билан киностудия биносида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, янги йил арафасида фойдаланишга топширилган эди. Биз бу ердаги яратилган имкониятлар билан танишар эканмиз, бугунги қорақалпоқ миллий кино санъатининг ҳолати ва келажакдаги режалар ҳақида «Қорақалпоқфильм» киностудияси давлат унитар корхонаси директори Икрам Абдикаликов билан суҳбатлашиб, саволларимизга жавоб олган эдик.

– Икрам Ережепбаевич, биз тарих атрофида сўз юритмай туриб, сўнгги янгиликларга ўта олмаймиз. Сўз бошида киностудияга қачондан бошлаб асос солинган ва бугунги ҳолатлари ҳақида сўз юритсак.

– Қорақалпоқ кино санъати тарихига назар солсак, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Кинематография бўйича давлат қўмитасининг 1970 йил 19 февралдаги Қарори билан Нукус шаҳрида Ўзбекистон ҳужжатли ва илмий-оммабоп фильмлар киностудиясининг Қорақалпоғистон филиали очилади. Алоҳида хўжалик ҳисобидаги корхона сифатида киностудия шу йил 1 апрелдан иш бошлайди. Дастлабки йиллари йилига 4 фильм қорақалпоқ тилига дубляж қилинди. Кейинчалик «Қорақалпоғистон» киножурналининг 4 сони ва 2 ҳужжатли фильм суратга олиш режалаштирилган. Шу мақсадда 15 кишидан иборат бошқарув ва ишлаб чиқариш, техник ва персонал штат бирлиги тасдиқланди. Қорақалпоқ кино санъатини янада ривожлантириш мақсадида 1990 йили Ўзбекистон ҳужжатли ва илмий-оммабоп фильмлар киностудияси Қорақалпоғистон филиали базасида «Қорақалпоқфильм» киностудияси ташкил этилди. Бугунги кунга қадар корхона томонидан 15 дан ортиқ бадиий фильмлар ва 500 дан ортиқ ҳужжатли фильмлар ишлаб чиқарилди.

1970 йил 1 апрель санасидан бошлаб ўз фаолиятини бошлаган «Қорақалпоқфильм» давлат унитар корхонаси биноси яқин йилларгача қаровсиз аҳволда бўлиб келган эди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўллаб-қувватлаши билан киностудия биносининг қурилиш ва таъмирлаш ишларига 4,5 млрд, янги мебеллар билан таъминланишига 275 млн маблағ ажратилиб, тўлиқ капитал реконструкция ишлари олиб борилди.

Киностудиядаги ретро музейнинг қурилиши, янги мебеллар, овоз ёзиш хоналари, дубляж, гриммхона ва костюмлар хоналарининг бугунги кўриниши сўзимизнинг яққол далилидир. Бир сўз билан айтганда, «Қорақалпоқфилм» давлат унитар корхонаси биноси мисли кўрилмаган даражада янги тус олиб, барча шароитлар яратилди. Бу янгиланишлардан хурсанд бўлган жамоамиз имкониятлардан ўринли фойдаланган ҳолда ҳамжиҳатлик билан ишларини масъулият билан олиб бормоқда.

– Қорақалпоқ халқининг бой миллий меросини кино орқали ёритиш учун қандай ишлар олиб борилмоқда?

– Албатта, бугунги кунда қорақалпоқ халқининг миллий меросини нафақат тасмаларга тушириш, балки уни экран орқали халққа тақдим этиш, балки, хорижий давлатларга ҳам танитиш асосий мақсадимиздир. Шу ўринда киностудиямиз томонидан суратга олинган «Ажиниёз» тарихий фильмини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 16 июлдаги «Машҳур қорақалпоқ шоири ва мутафаккири Ажиниёз Қосибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори асосида «Ажиниёз» бадиий-публицистик фильмининг суратга олиш ишлари муваффақиятли якунланиб, 2024 йил 16 ноябрда «Ажиниёз» бадиий-публицистик фильмининг премьераси Қорақалпоғистон санъат саройида бўлиб ўтди. Премьера кенг жамоатчилик вакиллари, киноижодкорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида бўлиб ўтди. Фильм премьераси 2024 йилнинг 19 ноябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтти.

2024 йил 26 декабрь куни Тошкент шаҳри Ўзбекистон миллий кино саройида Ўзбекистон кино ижодкорлари уюшмаси, Кинематография агентлиги, Ўзбекистон миллий кинематографиясини ривожлантириш маркази томонидан ўтказилган «Олтин Ҳумо 2024» миллий кинотақдимотида  «Ажиниёз» бадиий-публицистик филми тўрт номинация бўйича иштирок этди ва Қозоқбой Хўжамуратов «Энг яхши рассом иши» номинациясини қўлга киритди.

Келгусида халқимизнинг миллий тарихий мероси, буюк инсонлар ҳаётидан фильмлар суратга олиш ишларини давом эттириш режалаштирилмоқда.

– Бундан бир неча йил олдин суратга олинган машҳур ёзувчи Муратбай Низановнинг сценарийси бўйича суратга олинган «Танк,» «Ўғри» ва «Қўшнилар» бадиий фильмлари халқимизнинг севиб томоша қиладиган кинофильмларига айланган эди. Ўзингиз айтиб ўтганингиздек, 2025 йилда адибнинг киносценарийси асосида суратга олинган «Ажиниёз» бадиий фильми ҳам халқимиз томонидан яхши кутиб олинди. Яқин орада халқимизнинг кўнглига ёқадиган яна қандай фильмлар суратга олиниши режалаштирилмоқда? Киносценаристлар билан ишлаш қай даражада?

– Жуда ўринли савол. Сизнинг номларингизни тилга олган кинофильмларингизни халқимиз бугунги кунда ҳам севиб томоша қилади. Бу дегани, томошабиннинг кўнглидан чиқадиган фильмларни бугунги кунда ҳам кўпроқ суратга олиб, халққа тақдим этишни талаб этади.

Биз жамоамиз билан янги 2026 йилга янги режа ва ўзгача ғоялар билан илк қадамларимизни бошладик. Чунки бу йил «Гулойим ва қирқ қиз,» «Бердақ», «Eдиге», «Ҳаким ота» ва «Ўқитувчи» фильмларини суратга олиш режалаштирилган. «Биринчи ва иккинчи ренессансни кино орқали кўрсатайлик,» деб Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек, биз шу фикрга амал қилиб иш олиб боришимиз керак. Шундагина соҳада ривожланиш бўлади, албатта. Шундай экан, халқимизга тарихимизни акс эттирувчи янги фильмларни сифатли тарзда тақдим этишга бор кучимиз билан ҳаракат қиляпмиз.

Сценарийчилар билан ишлаш масаласига келсак, фильм бошланишидан олдин  сценарийлар танловини ташкил этиб, улар орасидан энг яхшиларини танлаб оляпмиз.

– Янги йил арафасида премьераси бўлиб ўтган «Қорабой» кинокомедиясининг суратга олинишига нима сабаб бўлган эди. Қорабой ролидаги актёр Гана  Республикасидан чақирилган экан. Фильмни суратга олиш жараёни ҳақида сўзлаб берсангиз?

– Халқимиз азалдан ҳазил-мутойибага яқин. Шу сабабли биз кино мухлисларига кўтаринки кайфият улашиш мақсадида ушбу «Қорабой» комедия фильмини суратга олишни маъқул кўрдик. Премьераси ташкилий жиҳатдан яхши ўтказилди ва фильмни томошабинлар яхши кутиб олди. Бош ролдаги актёр Гана Республикаси фуқароси бўлса-да, Тошкентда яшайди. У ўзбек тилини билгани сабабли ишлашимиз қийинчилик туғдирмади ва роль ўйнашга чақиришимизнинг сабаби фильмнинг янада табиий чиқиши учун ўзгача янгилик яратишга ҳаракат қилдик. Муҳаббат ролидаги актриса эса бугунги кунда ўзбек ва қорақалпоқ киноларида муваффақиятли роль ижро этиб келаётган қорақалпоқ қизи Шахсанам Абдижамилова ўз ролини муваффақиятли ижро этиб чиқди. Шунингдек, ушбу фильмда халқимиз севган устоз актёр ва актрисалар ҳам ўз ролларини мукаммал ижро этди. Улардан Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ўмирбой Қосимбетов, Қорақалпоғистонга хизмат кўрсатган артист Жигербай Абдимовнинг комик ролларини таъкидлаб ўтиш жоиз.

Суратга олиш жараёни Хўжайли тумани «Гауир қалъа» аҳоли пунктида бўлиб ўтди.

– Бугунги кунда Қорақалпоқ кино соҳасида асосий муаммолар қандай ва уларни ҳал этиш учун қандай ишлар олиб борилмоқда?

– Қорақалпоқ киноси соҳасидаги фильм суратга олиш жараёнида энг кўп учрайдиган муаммолардан бири – реквизит ва тарихий костюмлар масаласидир.

Алоҳида мавзудаги фильмларда ўша замонга мос кийим-кечак ва саҳна жиҳозларини топиш қийинчилик туғдиради. Шунга қарамай, бу муаммоларни ҳал этиш режалаштирилиб, тарихий либосларни тиктириш бўйича мутахассислар билан иш олиб борилмоқда.

Келгусида камчиликлар бартараф этилиб, кино саноатида сифатли реквизитлар ва либослар базасини шакллантириш асосий мақсадларимиздан биридир.

– Киностудиянинг техник базаси қай даражада? Шунингдек, ёш режиссёр, актёр ва сценаристларни қўллаб-қувватлаш бўйича қандай чора-тадбирлар олиб борилмоқда?

– Кино суратга олишнинг асосий воситаси бу техника ҳисобланади. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керак, Ўзбекистон Кинематография агентлиги томонидан энг сўнгги моделдаги замонавий техникаларни олиш учун «Қорақалпоқфильм» давлат унитар корхонасига 2 млрд маблағ ажратгани, қорақалпоқ кино саноатида янада сифатли фильмларни яратишга замин яратди. Бу албатта биз учун катта қувонч олиб келди. Чунки ажратилган маблағлар ҳисобидан янги техникалар олиниб, энг аввало шу техникалар билан «Қорабой» комедия фильми суратга олинди.

– Қорақалпоқ фильмлари халқаро фестивалларда иштирок этишга қизиқиш, имкониятлар қай даражада ва таклифлар борми?

– Фильмларимиз Ўзбекистон миқёсидаги кўплаб фестиваль ва танловларда иштирок этиб келмоқда. «Қорақалпоқфильм» ДУК томонидан суратга олинган «Қуйи» қисқа метражли филми АҚШнинг Висконсин штатида ўтказилган «Beloit International Film Festival»да қатнашиб, фахрли ўринни эгаллади. Айни пайтда янги фильмларимиз билан хорижий фестивалларда иштирок этиш режалари кўриб чиқилмоқда.

Ўзбекистон Кинематография агентлиги директорининг буйруғи билан «Қорақалпоқфильм» ДУК томонидан суратга олинган «Ажиниёз» номли бадиий-публицистик филми билан халқаро кинофестивалларга қатнашиш мақсадида фильмни ўзбек тилига дубляж қилиш ҳамда рус, инглиз тилларига субтитрлаш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирги вақтда рус тилига субтитрлаш ишлари якунланди.

– Олдиндаги режалар қандай? Йил якуни бўйича нималарни айтар эдингиз?

– Режаларимиз янги фильмларни муваффақиятли суратга олиб, халқимизга сифатли тарзда тақдим этиш. Йил якуни эса киностудиямиз учун ютуқларга бой йил бўлди. Сабаби, 2025 йилда суратга олиниши режалаштирилган «Қорабой» комедия фильмининг суратга олиниши муваффақиятли якунланиб, премьераси Қорақалпоғистон санъат саройида кўтаринки руҳда ўтказилди.

Ўтган 2025 йили суратга олиниши режалаштирилган фильмлар учун 18 йўналиш бўйича сценарийлар танлови эълон қилиниб, танловга «Қорақалпоқфилм» ДУК томонидан бадиий, ҳужжатли, тўлиқ, қисқа метражли фильмлар ва видеороликларнинг сценарийлари тақдим этилди. Танловда жами 23 кино лойиҳа иштирок этиб, шундан 3 фильм сценарийси Бадиий кенгаш томонидан маъқулланди. Улар «Тирик тарих» йўналиши бўйича «Гулойим ва Қирқ қиз» тўлиқ метражли тарихий, иккинчиси «Ёшлик баҳори» йўналиши бўйича «Қорабой» тўлиқ метражли бадиий фильми ва учинчиси «Кўнглимдаги мактаб» йўналиши бўйича «Муаллим» тўлиқ метражли бадиий-публицистик фильми танлаб олинди.

Шунингдек, январь ойидан март ойига қадар қисқа метражли бадиий фильмлар учун сценарийлар танловида 100 дан ортиқ фильм сценарийлари иштирок этиб, шундан 3 та фильм сценарийси Бадиий кенгаш томонидан маъқул деб топилди.

Шунингдек, АТВ телеканали билан ҳамкорликда «KINO-PODKAST» лойиҳаси ташкил этилган бўлиб, ҳозирги кунга қадар кўрсатувнинг 8 сони эфирга узатилди. «Тулкишек» болалар киножурналининг ўтган 2025 йилда янги сонлари суратга олиниб, Қорақалпоғистон телевидениеси орқали болаларимизга туҳфа этилди. Шу билан бирга «Сув» номли видеоролик суратга олинди. Видеороликда таниқли актёр Жигербай Абдимов ва ёш истеъдод эгаси Рамзан Қаржаубоев бош ролларни ижро этди. Видеороликда асосан сувни исроф қилмаслик, уни тежаб ишлатиш кераклиги тасвирланган.

Шунингдек, соҳани рақамлаштириш мақсадида www.qaraqalpaqfilm.uz веб-сайти ишлаб чиқилди ва сайтга корхона ҳақидаги барча расмий маълумотлар тўлиқ жойлаштирилди. Telegram, Instagram, Facebook ижтимоий тармоқларида корхонанинг расмий саҳифа ва каналлари очилиб, кино санъати соҳасидаги янгиликлар ва YouTube платформасида очилган қорақалпоқфильмлар каналида корхона томонидан суратга олинган бадиий ва ҳужжатли фильмлар, видеороликлар, кўрсатувлар ва турли бошқа материаллар мунтазам равишда жойлаштирилиб борилмоқда.

Корхона томонидан суратга олинган замонавий, миллий, ўзбек ва қорақалпоқ фильмларини интернетда ҚР-код орқали томоша қилиш имконини берувчи махсус мобил илова ишлаб чиқилмоқда.

«Қорақалпоқфильм» ДУК биносида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Нукус филиали билан ҳамкорликда институтнинг «Техноген санъати» ва «Санъатшунослик» кафедраларининг филиаллари ташкил этилди. Ушбу кафедра филиаллари учун бино ичидан 2 та хона ажратилди. Мақсад – кинематографияга қизиқувчи талаба ёшларнинг амалий билимларини янада мустаҳкамлаб, фильмларни суратга олиш жараёнларига жалб қилиш, шунингдек, уларнинг тажрибасини ошириш ва филиалнинг амалий машғулотларини ушбу ажратилган хоналарда ўтказишни йўлга қўйишдир.

Келгусида режа асосида ишларимизни давом эттириб, халқимиз кўнглидан чиқадиган кинофильмларни тақдим этишни давом эттириш бош мақсадимиздир. Бунинг учун бизда ҳозирги вақтда барча имкониятлар етарли.

– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат. Ишларингизда муваффақиятлар тилаймиз.

 

Суҳбатдош, Гулнора Турдишова,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.