Тренинг машғулотлари ўтказилмоқда

Қорақалпоғистон Республикаси Педагогик маҳорат марказида халқаро тадқиқот доирасида ўқиш саводхонлигини баҳолаш ва ривожлантиришга қаратилган тренинг машғулотлари ўз фаолиятини бошлади.
Мазкур тренинг халқаро тадқиқот натижалари ҳамда таълим сифатини оширишга қаратилган замонавий педагогик ёндашувлар асосида ташкил этилиб, умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларнинг матнни онгли ўқиш, мазмунини чуқур англаш ва таҳлил қилиш бўйича компетенцияларини ривожлантиришга йўналтирилган.

Тренинг машғулотларида умумий ўрта таълим муассасалари директорларининг ўринбосарлари, бошланғич таълим йўналиши мутахассислари ҳамда соҳага оид экспертлардан иборат жами 54 нафар иштирокчи қатнашмоқда.
Машғулотлар давомида халқаро тадқиқотнинг мақсад ва вазифалари, ўқиш саводхонлигининг назарий ва амалий асослари, далилларга асосланган дидактик ёндашувлар, шунингдек, босма ва рақамли матнларни ўқиб тушуниш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган самарали педагогик усуллар юзасидан маърузалар ҳамда амалий машғулотлар ўтказилмоқда.

Тренинг машғулотлари жорий йилнинг 16 январь санасига қадар давом этади.
Қорақалпоғситон ахборот агентлиги