Президент фармони: давлат харидлари тизимида янги механизмлар жорий этилмоқда

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбир Президентимизнинг 2025 йил 26 декабрдаги “Давлат харидлари тизимида рақобат муҳити ва шаффофликни таъминлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятига бағишланди.
Унда вазирликнинг давлат харидлари сиёсати департаменти масъул ходимлари, электрон тизими операторлари, давлат буюртмачилари, йирик давлат корхоналари, ғазначилик хизмати қўмитаси ҳудудий бўлинмалари мутахассислари иштирок этди.
Унда сўз олганлар мазкур фармон билан давлат харидлари тизимини тубдан такомиллаштириш, очиқлик ва рақобат муҳитини кучайтириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда бюджет маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлашга қаратилган асосий мақсадлар белгилаб берилганини қайд этди. Хусусан, босқичма-босқич равишда рақобатли харидлар улушини 80 фоизга, иқтисод қилинган маблағлар ҳажмини 25 триллион сўмга, харидларда маҳаллий маҳсулотлар улушини эса камида 85 фоизга етказиш режалаштирилган.
Таъкидланганидек, ушбу фармон очиқ мулоқотлар жараёнида тадбиркорлар томонидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар тўлиқ инобатга олинган ҳолда қабул қилинган. Унга кўра, давлат харидлари амалиётига қатор муҳим янгиликлар жорий этилади. Жумладан, харидларда янги рақобатли усул- “таклиф сўрови” механизми йўлга қўйилиши, давлат буюртмачиларининг харид режалари эълон қилингач, ушбу маълумотлар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга электрон хабарнома орқали автоматик тарзда етказилиши белгиланган.
Шу билан бирга, маҳаллийлаштириш даражаси 30 фоиздан ортиқ бўлган маҳаллий корхоналарга аванс тўловларини уларнинг маҳаллийлаштириш даражасидан келиб чиқиб тўлашга рухсат этилиши, бюджет буюртмачилари ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида маҳаллий аукцион савдоларини ташкил этиш тартиби жорий қилиниши маълум қилинди.
Фармонга мувофиқ, давлат буюртмачиларининг товарлар, ишлар ва хизматларни қабул қилувчи шахсларга бериладиган ишончномаларни давлат харидларининг электрон тизими орқали электрон шаклда расмийлаштириш амалиёти жорий этилмоқда. Шунингдек, харид ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш муддатлари уларнинг қиймати ва мураккаблигига қараб қисқартирилиши, барча харид ҳужжатлари лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши кўзда тутилган.
Харидларда ўртача бозор нархларини автоматик ҳисобловчи электрон модулни ишга тушириш орқали нархларнинг асоссиз оширилишининг олдини олиш ва молиявий интизомни кучайтириш тадбирларини амалга ошириш ҳам айнан мазкур ҳужжат билан кўрсатиб ўтилган.
Тадбир якунида иштирокчилар фармоннинг амалий ижроси, янги механизмларни жорий этиш жараёнлари ҳамда давлат харидлари тизимининг самарадорлигини ошириш масалалари юзасидан галдаги вазифаларни белгилаб олди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА