Мол-мулк солиғини ҳисоблаш тартиби ўзгарди

10

2026 йилдан бошлаб Ўзбекистонда молмулк солиғини ҳисоблаш тартиби ва ставкаларида қатор муҳим ўзгаришлар амалга киритилди. Мазкур янгиликлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 декабрда имзоланган “2026 йил учун солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисидаги қонуни билан тасдиқланди. Ҳужжатга мувофиқ, жисмоний шахслар учун мол-мулк солиғи ставкалари оширилиб, юридик шахслар учун солиқни ҳисоблаш базаси янгиланди. Ушбу ўзгаришлар солиқ маъмурчилигини рақамлаштириш, ҳисоб-китобларни автоматлаштириш ҳамда кўчмас мулк бозорида шаффофликни таъминлашга қаратилган. Шунингдек, Ўзбекистонда мол-мулк солиғини ҳисоблаш тартиби ва ставкалари ўзгартирилди.

Бу ҳақда Солиқ қўмитаси маълум қилди. Қайд этилишича, 2026 йил учун солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаб берувчи қонунда мустаҳкамланган.

2026 йилдан жисмоний шахсларга тегишли кўчмас мулк учун қуйидаги солиқ ставкалари жорий этилди. Уй-жойлар, квартиралар, дала ҳовли иморатлари (умумий майдони 200 кв.м гача), кўп квартирали уйларга тегишли автомашина турар жойлари ҳамда бошқа бинолар ва иншоотлар учун ставка 0,34 фоиздан 0,36 фоизга оширилди. Шаҳарларда жойлашган, умумий майдони 200 кв.м дан ортиқ ва 500 кв.м гача бўлган уй-жойлар учун ставка 0,45 фоиздан 0,48 фоизга етказилди.

Шаҳарларда жойлашган, умумий майдони 500 кв.м дан ортиқ уй-жойлар учун солиқ ставкаси 0,60 фоиздан 0,64 фоизга оширилди. Бошқа аҳоли пунктларида жойлашган, умумий майдони 200 кв.м дан ортиқ уй-жойлар ва дала ҳовли иморатлари учун ставка 0,45 фоиздан 0,48 фоизга кўтарилди.

Юридик шахслар учун мол-мулк солиғининг асосий ставкаси 1,5 фоиз миқдорида сақлаб қолинди. Мазкур ставка юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорларга ижарага берилган, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятида фойдаланилаётган кўчмас мулкка нисбатан ҳам қўлланилади.

Шу билан бирга, юридик шахслар мол-мулк солиғини ҳисоблашда 1 квадрат метр учун белгиланган минимал қийматлар оширилди. Тошкент шаҳрида — 3,53 млн. сўмгача, Нукус шаҳри ва вилоят марказларида — 2,35 млн. сўмгача, Бошқа аҳоли пунктларида — 1,39 млн. сўмгача ажратилмоқда.

Айни пайтда халқ депутатлари кенгашлари мазкур қийматларга нисбатан пасайтирувчи коэффициентларни қўллаш ҳуқуқини сақлаб қолади. 208 та туман ва шаҳар бўйича тасдиқланган ставкалар жадвали Ҳукумат порталида эълон қилинган.

Умумий фойдаланишдаги темир йўллар, магистрал қувурлар, алоқа ва электр узатиш линиялари учун солиқ ставкаси 0,65 фоиздан 0,7 фоизга оширилди. Ушбу ставка Вазирлар Маҳкамаси қарорларига асосан тугалланмаган ёки консервация қилинган объектларга ҳам татбиқ этилади.

Янги тартибга мувофиқ, юридик шахслар учун мол-мулк солиғи бўйича ҳисоботларни проактив, яъни автоматик шаклда тузиш амалиёти жорий этилмоқда. Солиқ органлари мавжуд маълумотлар ҳамда солиқ тўловчи шахсий кабинети орқали киритилган ахборотлар асосида ҳисоботни шакллантиради. Солиқ тўловчига уни текшириш ва тузатиш киритиш учун беш кун муддат берилади, шундан сўнг ҳисобот қабул қилинган ҳисобланади.

Бундан ташқари, юридик шахслар учун мол-мулк ва ер солиғи бўйича имтиёзлар бериш шартлари кучайтирилди. Имтиёзларни сақлаб қолиш учун компания сотилган товарлар ва хизматлардан олинган даромадни берилган имтиёзлар суммасидан юқори даражада таъминлаши, йил давомида ўртача камида уч нафар ходимга эга бўлиши, ходимларнинг ойлик иш ҳақи меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг икки бараваридан кам бўлмаслиги шарт.

Шунингдек, 2026 йилдан солиқ органлари жисмоний ва юридик шахслар ўрнига олти турдаги солиқ бўйича ҳисоботларни автоматлаштирилган тарзда тайёрлайди. Уларга мол-мулк солиғи, ер солиғи, жисмоний шахслар даромад солиғи, ижтимоий солиқ, қўшилган қиймат солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ киради.

Солиқ қўмитасининг таъкидлашича, мазкур янгиликлар солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ва тўғри бажариш, хатоларни камайтириш ҳамда жарималар қўлланилишининг олдини олишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, фойда солиғи бўйича ҳисоботларни ҳам автоматлаштириш режалаштирилмоқда.

Ш.Маматуропова, ЎзА