Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш учун 500 дан ортиқ ходим тренер сифатида тайёрланди

Миллий статистика қўмитасида Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш бўйича қилинаётган ишлар бўйича оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг бўлиб ўтди.
Брифинг давомида Миллий статистика қўмитаси раиси аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирининг асосий мазмун-моҳияти, унинг аҳамияти, онлайн рўйхатдан ўтиш тартиби ҳамда ушбу мақсадда жорий этилган махсус ахборот тизими юзасидан маълумот берди.
Қайд этилганидек, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун ўта муҳим бўлган кенг қамровли статистик тадбир ҳисобланади. Ушбу жараён орқали аҳоли сони ва таркиби, яшаш шароити, меҳнат ресурслари, шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасининг реал ҳолати тўғрисида аниқ ва ишончли маълумотлар шакллантирилади. Олинган маълумотлар келгусида давлат дастурлари, ҳудудларни ривожлантириш режалари ва манзилли ижтимоий қарорларни ишлаб чиқишда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Рўйхатга олиш тадбири Президентимизнинг 2025 йил 19 сентябрдаги тегишли фармонига мувофиқ амалга оширилмоқда. Мазкур фармонга асосан, рўйхатга олиш жараёни “маҳалла еттилиги” тизимида фаолият юритаётган ходимларни жалб этган ҳолда ташкил этилмоқда.

Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш икки босқичда ўтказилади. Биринчи босқичда, жорий йилнинг 15-31 январь кунлари фуқаролар махсус ташкил этилган интернет портали орқали онлайн рўйхатдан ўтади.
Шуни инобатга олиб, рўйхатга олиш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш мақсадида махсус ахборот тизими ишлаб чиқилди.
У веб-платформа ва мобил версияларни ўз ичига олади.
Иккинчи босқичда эса, 4–28 февраль кунлари “маҳалла еттилиги” тизими ходимлари томонидан уйма-уй юриб, саволномалар планшет қурилмалари ёрдамида тўлдирилади.
Рўйхатга олиш жараёнини самарали ташкил этиш мақсадида туман-шаҳарлар, вилоятлар ва республикада штаблар фаолияти йўлга қўйилган. Аниқроқ айтадиган бўлсак, мамлакатимиз миқёсида 223 та штаб рўйхатга олиш тадбирига тайёргарлик кўрмоқда. Ушбу жараёнда иштирок этаётган “маҳалла еттилиги” тизимидаги 55 мингдан ортиқ ходимлар 3 босқичда ўқитилиб, амалий жараёнлар билан уларнинг малакаси оширилди. Шунингдек, 100 дан ортиқ вазирлик ва идоралар ҳамда бошқа ташкилотларнинг 500 дан ортиқ ходимлари тренер сифатида тайёрланди.

Бундан ташқари, тайёргарлик ишлари доирасида 2025 йил декабрь ойида республика бўйича 7 миллиондан ортиқ турар жой объектларининг ГПС-координаталари аниқлаштирилди. Буям тарихий жараёнлардан бири бўлди.
Миллий статистика қўмитаси томонидан рўйхатга олиш жараёнларини реал вақт режимида кузатиб бориш имконини берувчи махсус мониторинг дашбордлари ишлаб чиқилди. Бу орқали ҳар бир ҳудуд кесимида ишлар ҳолати аниқ кўриниб туради.
Шунингдек, ахборот тизими барқарор ишлаши учун зарур сервер қувватлари ажратилган, ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича тегишли чоралар кўрилган. Фуқаролар томонидан тақдим этилаётган барча маълумотлар қонунчилик талабларига мувофиқ ҳимоя қилинади, шахсий маълумотлар махфий сақланади ва фақат статистик мақсадларда қўлланилади. Ушбу маълумотлар солиқ, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ёки бошқа назорат органларига берилмайди.
Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирига оид умумий тушунтиришлар, мультипликацион роликлар, саволномаларни тўлдириш тартиби бўйича махсус видеоқўлланмалар, фирибгарлик ҳолатларидан огоҳлантирувчи материаллар, OneID тизими орқали рўйхатдан ўтиш тартиби, шунингдек, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда тегишли видеороликлар ишлаб чиқилиб, оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Айни кунга қадар марказий телеканалларда 71 та лавҳа, ҳудудий телеканалларда 200 дан ортиқ жараёнга оид репортажлар эфирга узатилди. 50 дан ортиқ интернет нашрлари ва маҳаллий ҳокимликлар телеграм каналларида эса 6 мингдан ортиқ тарғибот материаллари эълон қилинди.
Шу билан бирга машҳур шахслар, спортчилар, депутатлар, жамоатчилик фаоллари ҳамда турли соҳа вакиллари иштирокида 100 дан ортиқ тарғибот интервьюлари тайёрланиб, эълон қилиб келинмоқда. Бу жараён яна давом эттирилади.
Аҳоли гавжум жойларда 400 га яқин катта ҳажмдаги баннерлар, 23 мингдан зиёд плакатлар ўрнатилди. Шунингдек, 300 дан ортиқ ЛЕД-мониторларда тарғибот роликлари мунтазам намойиш этилмоқда. Айниқса, биргина Тошкент шаҳрида метро ва автобуслар учун 7 мингдан зиёд плакатлар ўрнатилди.
Рўйхатга олиш билан боғлиқ барча жараёнлар халқаро тажриба ва тавсияларга мувофиқ ҳамда малакали хорижий экспертларни жалб этган ҳолда амалга оширилди ва уларнинг ижобий хулосалари олинди.
Рўйхатга олишнинг дастлабки натижалари жорий йилнинг 1 июль санасига қадар, якуний маълумотлар эса 2027 йилнинг 1 июль санасига қадар эълон қилинади.
Яъни, рўйхатга олиш натижалари мамлакатнинг бугунги ҳолати ва келгуси ривожи учун муҳим стратегик ахборот манбаи ҳисобланади.
Гулноза Бобоева, ЎзА