Ҳарбий хизматчиларга давлат мукофотлари топширилди (+видео)

Ёвга тик боққан садоқатли инсонлар эл қалқони саналади. Шу маънода Ватанни ҳимоя қилиш – чин маънодаги улуғвор касб.
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни ана шундай жасур инсонларга ҳурмат ва эҳтиром ифода этиладиган муҳим санадир. Улар юрт сарҳадларида, осмон бағрида ва муқаддас бурч йўлида бедор туриб, тинчлигимизни таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 34 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Қуролли Кучлар давлат музейи майдонидаги “Ватанга қасамёд” ҳайкали пойига гулчамбар қўйилди.
Тадбирда давлат ва жамоат арбоблари, ҳарбийлар, шоир ва ёзувчилар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Шундан сўнг, Мудофаа вазирлиги марказий аппаратида тақдирланган ҳарбий хизматчиларга давлат мукофотини топшириш ҳамда Қуролли Кучларда ўз касбининг устаси танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, генерал-лейтенант Шуҳрат Холмуҳаммедов ўз сўзида миллий армиямиз салоҳияти, давлатимиз томонидан соҳа ходимларини рағбатлантириш йўлида олиб борилаётган ишлар, изчил давом этаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда уларнинг натижаларига алоҳида тўхталди.
Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони ўқиб эшиттирилди.
Мудофаа вазири ўз вазифасида собит ва садоқат билан хизмат қилиб, муносиб кўрилганларга давлат мукофотларини топширди.
–Менга берилган мукофот кейинги хизматларимизда ҳам юксак масъулият юклайди, – деди “Жасорат” медали соҳиби, III даражали сержант Алишоҳ Абдуллаев.
Тадбирда ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучлар фахрийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Абдулазиз РУСТАМОВ, Сарвар ЎРМОНОВ (сурат), ЎзА