Нукусда ҳарбий хизматчиларга уй-жойлар фойдаланишга топширилди

20

14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Нукус шаҳрида Мудофаа вазирлиги тизимида фидокорона хизмат қилиб келаётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга янги, замонавий ва барча қулайликларга эга уй-жойлар тантанали равишда топширилди.

Тантанали маросимда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси вакиллари, округ қўмондонлиги масъуллари, жамоатчилик вакиллари, шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда ҳарбий хизматчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг хизмат ва турмуш шароитларини яхшилаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади. Ватан тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлида туну кун фидокорона хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг меҳнати юксак эътирофга лойиқ экани қайд этилди.

Топширилган уй-жойлар кенг ва ёруғ хоналар, замонавий коммуникация тизими билан жиҳозланган бўлиб, иссиқ ва совуқ сув, табиий газ, электр энергияси билан тўлиқ таъминланган. Шунингдек, турар жой мажмуаси ҳудудида болалар ўйин майдончалари, яшил ҳудудлар, автотураргоҳлар барпо этилган бўлиб, аҳоли учун қулай, хавфсиз ва замонавий муҳит яратилган.

Хонадон калитларини тантанали равишда қабул қилиб олган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари давлатимиз раҳбари ва Мудофаа вазирлигига чуқур миннатдорлик билдириб, яратилаётган шароитлар хизматга бўлган масъулият ва садоқатни янада оширишини таъкидлади.

Тадбир байрамона руҳда давом этиб, маданий дастур, ватанпарварлик руҳидаги куй-қўшиқлар ва бадиий чиқишлар билан янада кўтаринки руҳда ўтди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги