Бошланғич синф ўқитувчилари ўқитишнинг янги усуллари билан таништирилмоқда

30

Қорақалпоғистон Республикаси Педагогик маҳорат марказида халқаро тадқиқотлар доирасида ўқиш саводхонлигини ривожлантиришга қаратилган тренинг дарслари бошланди.

Мазкур тренинг халқаро тадқиқотлар натижалари ва таълим сифатини оширишга қаратилган замонавий педагогик ёндашувлар асосида ташкил этилиб, умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларнинг матнни онгли ўқиш, мазмунини чуқур англаш ва таҳлил қилиш бўйича компетенцияларини ривожлантиришга йўналтирилган.

Тренинг дарсларида умумий ўрта таълим мактаблари директор ўринбосарлари, бошланғич таълим йўналиши мутахассислари ва соҳага оид экспертлар иштирок этмоқда.

Дарслар давомида халқаро тадқиқотларнинг мақсади ва вазифалари, ўқиш саводхонлигининг назарий ва амалий асослари, далилларга асосланган дидактик ёндашувлар, шунингдек, босма ва рақамли матнларни ўқиб тушуниш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган самарали педагогик усуллар бўйича маърузалар ва амалий машғулотлар ўтказилмоқда.

Маълумот учун, тренинг дарслари шу йилнинг 16 январь санасигача давом этади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги