Ватан ҳимоячилари – фидойилик, жасорат ва садоқат тимсоли

32

Қорақалпоғистон тиббиёт институтида «14 январь – Ватан ҳимоячилари куни» ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги муносабати билан ҳарбий соҳада хизмат қилаётган мутахассислар иштирокида «Миллий армия – она Ватан қўрғони, тинчлигимиз посбони» мавзусида маънавий-маърифий учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирни институтнинг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Зоир Алеўов очди ва бошқариб борди.

У ўз нутқида тадбир иштирокчиларини байрам билан табриклаб, мамлакатимиз тинчлиги ва барқарор тараққиётини таъминлашда Қуролли Кучларимизнинг тутган ўрни ва хизматини алоҳида таъкидлади.

Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Миллий гвардияси бошқармаси тиббий хизмат бошлиғи Азим Абдуллаев, Шимолий-ғарбий ҳарбий округи тиббий таъминот хизмати бошлиғи Анвар Эгамбердиев ўзларининг хизмат йўли, Ватан тинчлигини сақлаш йўлида талаб этиладиган фидойилик, ҳарбий бурч ва масъулият ҳақида кенг тарзда сўзлаб берди.

– Айниқса, ҳарбий тиббиёт соҳаси фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтилди. Таъкидланганидек, ҳарбий тиббиёт ходими икки карра масъулиятни ўз зиммасига олади, – дейди Анвар Эгамбердиев. – Биринчидан, ҳарбий форма ҳурмати бўлса, иккинчидан оқ халатли – шифокорларнинг бурчи ҳисобланади.

Бу албатта, биздан қатъий масъулият, фидойилик ва ҳақиқий жасоратни талаб этади.

Ўтказилган тадбирда байрам муносабати билан ҳарбий соҳа фидойиларига ҳамда институт билан самарали ҳамкорлик қилиб келаётган мутахассисларга Қорақалпоғистон тиббиёт институтининг «Ташаккурнома»лари ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси