Автомобиль йўли учун янги ускуна тажрибадан ўтказилди

Амударё туманида автомобиль йўлларини сақлаш ва таъмирлаш, шунингдек, йўл хўжалиги соҳасида инновацион технологияларни жорий этишга бағишланган амалий семинар ташкил этилди.
Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Автомобиль йўллари Бош бошқармаси бошлиғи У.Матназаров, шунингдек, бошқарма таркибидаги туман йўллардан фойдаланиш давлат ташкилотлари раҳбарлари ва техник назорат ходимлари иштирок этди.
Семинар давомида автомобиль йўлларида пайдо бўлган ўйиқларни жойида таъмирлаш имконини берувчи мини асфальт заводи – «PARCHER» ускунасининг ишлаш жараёни ва асфальт ишлаб чиқариш қуввати амалий тарзда намойиш этилди.
Ушбу техника соатига 3 тоннагача асфальт ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, ёқилғи тежамкорлиги билан ажралиб туради. Шунингдек, ускунанинг мавсум танламасдан ишлаши ва асфальт маҳсулотини қайта ишлаб чиқариш имконияти йўл хўжалиги соҳасида унинг самарадорлигини янада ошириши таъкидланди.



Семинар якунида ушбу техниканинг йўл хўжалигидаги самарадорлиги таъкидланиб, бундай замонавий техникалар сонини кўпайтириш, уларни бошқа туманларга ҳам кенг жалб этиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги