Нукусда иссиқлик таъминотини модернизация қилиш ишлари бошланмоқда

15

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 11 мартдаги «Уй- жой ҳамда бино-иншоотларни иссиқлик энергияси билан таъминлаш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ва биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Саудия Арабистонининг «Saudi Tabreed» компанияси томонидан Нукус шаҳридаги РК-1 қозонхонасини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш лойиҳаси бўйича амалий ишлар бошлаб юборилди.

Мазкур лойиҳа Нукус шаҳрини барқарор ва замонавий иссиқлик энергияси билан таъминлашга қаратилган бўлиб, унинг биринчи босқичи доирасида муҳим ташкилий ва техник масалалар кўриб чиқилди.

Лойиҳа доирасида қурилиш ишларини бошлаш учун мўлжалланган ҳудудлар жойида кўздан кечирилиб, техник ҳолати ўрганилди ва келгусида бажариладиган ишлар бўйича мутасаддилар ўртасида ўзаро маслаҳатлашувлар олиб борилди.

Хусусан, биринчи босқичда 21 МВт электр энергияси ва 53 Гкал иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган замонавий генераторларни ўрнатиш режалаштирилиб, бу қувватлар ҳисобига 136 та кўп қаватли турар жой биноси, 39 та ижтимоий объект иссиқлик билан таъминланди.

Шунингдек, лойиҳа доирасида 34,8 километр иссиқлик трассасини тортиш, 120 та кўп қаватли уйнинг ички иситиш тизимларини тўлиқ янгилаш бўйича ҳам музокаралар олиб борилиб, ишлаб чиқариладиган 21 МВт электр энергиясини давлатга сотиш механизми ҳам алоҳида ўрганилди. Бу орқали нафақат иссиқлик таъминоти яхшиланиши, балки энергия самарадорлиги ошиб, иқтисодий барқарорликка эришиш кўзда тутилмоқда.

– Лойиҳани амалга ошириш жараёнида махсус муҳандис-электрик, лойиҳа директори, савдо менежерлари Нукус шаҳрида бўлиб, лойиҳа объектларини жойида ўрганди. Шунингдек, бу жараёнда Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг масъул ходимлари ҳам иштирок этиб, лойиҳа бўйича таклифларини билдирди, – дейди ушбу вазирликнинг матбуот котиби Азизбек Дабилов. – Келгусида лойиҳанинг кейинги босқичлари доирасида ҳам ишларни босқичма-босқич давом эттириш режалаштирилган бўлиб, бу Нукус шаҳрининг муҳандислик-коммуникация тизимини тубдан яхшилашга замин яратади.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчи