Яқинда Қорақалпоғистон ахборот агентлиги ташаббуси билан «Нукус винозаводи» АЖ ҳамкорлигида бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари ва ижодий ходимлар, археолог олимлар буюк ва бепоён Устюрт платоси ҳамда Орол денгизи акваторияси бўйлаб навбатдаги медиатурни ташкиллаштирди.

Медиатурни ташкил қилишдан асосий мақсад – Устюртда сақланиб қолган қатор ноёб учрашадиган ва кам тадқиқ қилинган археологик эсдаликларни ҳамда Орол денгизи акваториясида, платода учрайдиган ажойиб манзараларни тасвирга олиш, уларни кенг омма эътиборига ҳавола этиш, шунингдек ушбу бетакрор ҳудудга нуфузли халқаро медиаташкилотларнинг, мутахассисларнинг эътиборини жалб қилиш ва ҳудудда экотуризмнинг ривожига ҳисса қўшиш.

Медиатур иштирокчиларининг дастлабки сафари Устюрт ҳамда унинг чинклари (чинк – туркча сўз бўлиб, тик қоя маъносини англатади) билан каньонларини (каньон – сув ювиб пайдо бўлган ёки ясалма сой, дара) тасвирга муҳирлашдан бошланди.

 

Устюрт – тарихий қўриқхона ва кўчманчилар ўлкаси

Устюрт платосига чиққан ҳар бир инсон шуни дарҳол англайди: у – улуғ, бепоён, бешавқат, сирли ҳамда ўзига хос ўзгача бир олам.

Медиатур иштирокчилари ҳам Устюрт кенгликларига биринчи қадам қўйганда буюк саҳронинг ушбу хосиятини дарров ҳис этди.

Устюрт узоқ асрлар давомида скифлар, сарматлар ва монголларнинг, ҳаттоки улардан ҳам қадимги халқларнинг цивилизациялари туташган макони саналади. Неча асрлар бўйи бу бепоён кенгликлардан савдо карвонлари ўтган. Устюртдаги эски карван йўллари Ғарб билан Шарқни туташтирувчи транзит хизматини ўтаган. Платодан ўтган карвонлар Хоразмдан Қуйи Волгабўйи ва Жанубий-ғарбий Европа давлатларига ва у томонлардан товарлар ташиган. Шу туфайли маданий, савдо-иқтисодий алоқалар ривожланган.

Платонинг деярли барча жойида қадимий маҳбара ва қәбристонларни учратиш мумкин. Айниқса Устюрт чинклари бўйлаб юрган йўловчи ҳар қадамда тепаликка қўйилган кўчманчилар қәбристонларига дуч келади. Уларда марҳумларга қўйилган қулфитошлар, тошга муҳрланган тамғалар ҳанузгача яхши сақланган.

Маҳбара

Бу ҳудудни тарихый қўриқхона дея номлаш мумкин. Устюртнинг энг эътиборли жойлари – унинг археологик эсдаликлари. Устюрт устида ҳозирги кунда Пулжай, Белеули, Алан ва бошқа қадимий ва ўрта асрларга тегишли карвон сарайлари, қалъалар сақланиб қолган. Инсоният оёғи етиши бироз машаққатли бўлганлиги туфайли бу эсдаликларнинг кўпчилиги ҳануз етарлича тадқиқ қилинмаган.

 

Қулфитош

Тошга битилган тамға

Устюрт каньонлари – туристлар маскани

Орол денгизининг ҳозирги қирғоқлари ажойиботга тўла. Оролнинг аввалги бўлаги бўлган Судочье кўли, эски балиқчилар қишлоғи Урге буруни, Қабанбай тик қоялиги, Оқтумсиқ, Дуана буруни каби гўзал табиятга, сўлим ландшафтга эга масканлар, Орол денгизининг тепадан панорамаси кимни бўлса ҳам сеҳрлаб қўйиши табиий. Қорақалпоғистонда хорижий сайёҳларнинг, шунингдек маҳаллий аҳолининг эътиборини қозониб келаётган шундай жойларнинг бири – Устюрт каньонларидир.

Устюрт каньонлари

«О-о-о, қандай ажойиб табият!», «Ана холос!», «Тасанно!»…

Устюрт каньонларини илк бор томоша қилишга келган сайёҳ шундай қилиб эҳтиросга берилиши аниқ.

Платонинг айрилишидан ўртада пайдо бўлган теран тик қояли сой кўрган кишини ҳақиқатдан ҳам ҳайратга солади.

– Қорақалпоғистонда шундай жой борлигини биринчи марта кўришим, дейди эҳтиросини яшира олмаган медиатур иштирокчиси, шоир Бахтияр Генжемуратов. Бундай гўзал кўринишга эга жойларни, албатта, кўпроқ тарғиб қилишимиз керак, сайёҳларни қизиқтиришимиз керак. Мазкур каньонларнинг Колорадо штатидаги каньонлардан кам жойи йўқ. Биз ҳам бу масканга минглаб сайёҳларнинг эътиборини жалб қилишимиз зарур.

 

Орол соҳилида олма дарахти ўсади…ми?

Сайёҳларга транспорт хизматини кўрсатувчи ходимларнинг таъкидлашишича, Устюртдан оққан ёмғир сувлари каньондаги сойларда бирнеча янги ўсимликларнинг етишиб чиқишига замин яратган.

– Яқинда Оқтумсиқнинг (Оқтумсуқ – денгизнинг суви сақланиб қолган бурун. Е.Қ.) нари ёғида, платонинг ёқасида ва Орол денгизига тушарликда олма дарахтлари ўсаётганлигини кўрдим, таъмини татиб ҳам кўрдим. Оддий олма, дейди Виктор исмли автотранспорт ҳайдовчиси.

Медиатур иштирокчилари ҳам Устюрт каньонларидаги теран сойда қандайдир дарахтларнинг ўсиб турганлигини пайқади. Шунингдек, Оқтумсиқ бурунига яқин жойдаги XII-XIII асрларга тегишли Давлетгерей шаҳарчаси олдидаги эски экин майдонида қамишларнинг, бедаларнинг ҳамда Дуана бурунидаги бетонли йўлдан тушарликда укропларнинг ўсаётгани сайёҳларда катта қизиқиш ўйғотди.

Цивилизациядан олис-олис манзилларда бу каби янгиликларга дуч келиш кимни бўлса ҳам ҳайратлантиради. Транспорт ҳайдовчиларининг таъкидлашишича, Устюрт каньонларида тошдан-тошга сакраб юрган архарларни ҳам учратиш мумкин экан.

Бу ҳудудларга олма дарахти қанақа қилиб келиб қолган, беда, қамиш, укроплар қандай қилиб ўсмоқда? Архарлар ҳам бор экан да!…

Медиатур иштирокчилари олам-олам таасуротлар билан сайёҳатини давом этди.

 

Устюртдаги сирли суратлар

Сайёҳлар ҳар қадамда Устюртнинг ажойиб табиий ландшафтларига, кўчманчи қабилаларнинг тарихий изларига дуч келишиб туришди. Дуана бурунидаги найзасимон объектларни тасвирга олиш ишлари эса турнинг асосий мақсади эди. Дуана буруни Нукусга деярли 500 км жойда жойлашган.

Устюртдаги найзасимон объектлар илк бор 1980 йилларда аэрофотосъемкаларни таҳлил ва дешифровка қилиш пайтида аниқланган. Бу каби ноёб учрайдиган топилма аввал ҳеч бир археологик амалиётда қайд қилинмаган. Энг дастлаб Устюртдаги найзасимон бу белгиларни мутахассислар, журналистлар ва бошқа тадқиқотчилар ўзга сайёраликлар томонидан барпо қилинган иншоот бўлиши мумкин деган тахминларни олға сурган.

Бу белги оддий кўзга ёки автомобильда ўтиб бораётган йўловчига пайқалмайди. Чунки ғоят катта ҳажмдаги объектни одам бўйилик баландликдан кўришнинг имкони йўқ, сиз товон остида бирнеча минг йиллик тарихга эга ноёб эсдалик ётганлигини билмасдан юз маротаба ўтиб кетишингиз мумкин.

Ижодий ходимлар ушбу ноёб эсдаликни заманавий дрон ускунаси орқали тасвирга олишга муваффақ бўлди.

Маълумот тариқасида айтиб ўтиш жоиз, Устюртдаги найзасимон белгилар сони бирнча бўлиб, улар Устюрт бўйлаб Туркманистон ва Қозоғистонгача ёйилиб кетган.

Олимларнинг қайд қилишича, Устюртдаги найзасимон белгиларнинг баъзилари 2500 йиллик тарихга эга. Қорқалпоғистонлик марҳум археолог олим В.Н.Ягодин илк марта ушбу археологик топилма устида илмий-тадқиқот ишларини олиб борди ва оламшумул янгиликни эълон қилди: Узунлиги 600-900 м., эни 400-600 м., теранлиги 3 метргача қазилган мазкур иншоот ёввойи туёқли ҳайвонларни, яъни қулон, жайран, сайғоқларни овламоқ учун кўчманчи халқларнинг ўйлаб топган усули –  «аран» экан. «Аран» эски туркий сўз бўлиб, ов учун қурилган тузоқ маъносини англатади. Аран сўзини Бердақнинг «Шежире» асаридаги «Чўлларда кезар жайрани, Жайранга қурган арани» деган шеър сатрларидан кўришимиз ҳам мумкин.

 

Устюртдаги чиниққан чўл фарзанди

Бепоён Устюрт саҳросида одам учратиш сийрак жараён. Йўл бўйи тулки, қарсоқ, қўён, чўл уккиси, бойқуш, бургут, булдуриқ, каклик ва бошқа ҳайвон-қушларни тез-тез учратиш мумкин, лекин узоқ йўл бошгандан кейин одам учратсангиз ердан етти қуён топгандек бўласиз.

Ижодий гуруҳ Нукусдан деярли 400-450 км олисда кенг саҳрода чўпонларни учратиб, давр қаҳрамонларини кўргандек ҳис этди.

Қаттиққўл табият қўйнида қийинчиликларга бардош бериб меҳнат қилаётган замондошларимизни қаҳрамон деб айтишга тўлиқ асос бор. Қуш учса қаноти куядиган иссиқликда, қаҳратон қишнинг қора совуғида табият билан тил топишган, чиниққан чўл фарзандларига минг рахмат дегинг келади.

***

2 кунлик сайёхат медиатур иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Устюртдан ва Орол денгизидан қайтган киши бу ҳудудга такроран айланиб келишини, тўйиб-тўйиб сайёҳат қилишини орзу қилиши табиий ҳолат. Медиатур иштирокчилари ҳам Буюк Устюрт саҳроси ва мавж урган Орол денгизи қирғоқлари билан мунгли хайрлашиб, Нукусга қайтди.

«Орол, биз Нукусга қайтдик, биз албатта сени кўриш учун қайтамиз ва Сен ҳам аввалги қирғоқларингга қайт!» дея гўзал денгизга кўз ёшлари билан юзланган шоирнинг юрак дардлари барча ижодий ходимларни тубсиз ҳаёл уммонига ғарқ қилаётган эди.

Медиатурдан тафсилотлар

Орол денгизи қирғоғида укроп ўсмоқда

Олисдаги Орол 

Қанаатов Есимқан

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги директори