Ёш гандболчилар чемпионлик учун курашди

Нукус Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида спортнинг Гандбол туридан 2012-2013 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида Қорақалпоғистон чемпионати бўлиб ўтди.
Ушбу мусобақада республикамизнинг барча ҳудудларидан жамоалар иштирок этиб, ғолиблик учун ўзаро кескин кураш олиб борди.
Қизғин беллашувларга бой бўлган мусобақа якунида, ўғил болалар ўртасида биринчи ўринни Нукус шаҳрининг ёш гандболчилари қўлга киритишга муваффақ бўлди.
Иккинчи ва учинчи ўринлар эса Чимбой ва Тахиатош туманлари спорт мактаблари тарбияланувчиларига насиб этди.
Қизлар ўртасида ўтказилган мусобақа якунида эса биринчи ва иккинчи ўринларни Республика спортининг ўйин турлари ва енгил атлетика спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабининг жамоалари қўлга киритди.
Мусобақага пухта тайёргарлик кўрган Чимбой тумани спорт мактаби жамоаси учинчи ўринга муносиб деб топилди.

– Ушбу мусобақани ўтказишдан асосий мақсад, 2026 йили ўтказиладиган «Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари» спорт мусобақаларига иқтидорли спортчиларни аниқлаб, республикамизнинг терма жамоасини тузиш ҳисобланади, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирлигининг Ахборот хизмати бош мутахассиси Дурдона Оразбаева.
Ўтказилган мусобақа якунида ғолиблар ташкилотчилар томонидан тайёрланган махсус диплом ва медаллар билан тақдирланди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчи