Президент Мурожаатномаси мазмун-моҳияти кенг тарғиб этилмоқда

17

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш мақсадида ҳудудларда учрашувлар ташкил этилмоқда.

Шундай учрашувлардан бири бугун Кегейли тумани Ёшлар марказида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан сайланган депутатлар, партия фаоллари, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида Халқ депутатлари Кегейли туман Кенгаши раиси Бердақ Матеков, Кенгаш Секретариати раҳбари Б. Искендеров ҳамда ЎзЛиДеП Кегейли туман Кенгаши аппарати раҳбари П.Байжанов томонидан Президент Мурожаатномасида белгиланган асосий ғоялар, устувор йўналишлар ва уларнинг амалий аҳамияти атрофлича тушунтириб берилди.

Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбари Мурожаатномада сўнгги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида мамлакат иқтисодиёти барқарор ўсиш йўлига чиққанини, аҳоли даромадлари ва турмуш даражаси сезиларли ошганини алоҳида таъкидлади. Камбағаллик даражасининг қисқариши, миллионлаб фуқароларнинг даромадли меҳнат билан таъминланиши, ижтимоий ҳимоя тизимининг мутлақо янги босқичга кўтарилиши бу ислоҳотларнинг энг муҳим натижаларидандир.

Мурожаатномада 2026 йилда мамлакат тараққиётини таъминлашга қаратилган олти та устувор йўналиш белгилаб берилди. Жумладан, маҳалланинг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, уни аҳолини бирлаштирувчи, ижтимоий масалаларни жойида ҳал этадиган муҳим институтга айлантириш орқали фуқароларнинг ҳаёт сифати янада яхшиланиши таъкидланди. Шу билан бирга, иқтисодиётни технологик ва инновацион ривожлантириш, янги саноат қувватларини ишга тушириш, сунъий интеллект ва рақамли технологияларни жорий этиш орқали юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилмоқда.

Ички бозорда талабни рағбатлантириш, ипотека ва хизматлар соҳасини ривожлантириш, транспорт ва туризм инфратузилмасини яхшилаш орқали аҳолининг харид қобилиятини ошириш ҳам устувор вазифалар қаторида белгиланди. Шунингдек, замонавий касблар ва янги меҳнат бозори архитектурасини шакллантириш орқали ёшларнинг билим ва кўникмаларини замон талабларига мос равишда ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Экологик барқарорликни таъминлаш, “яшил” энергетика, сув ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ҳаво ифлосланишини камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳит муҳофазасини таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди. Шу билан бирга, замонавий давлат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизимини шакллантириш, электрон ҳукуматни ривожлантириш, коррупцияга қарши кескин курашиш орқали жамиятда адолат ва ишонч муҳитини мустаҳкамлаш мақсад қилингани таъкидланди.

Тадбир иштирокчилари Мурожаатномада белгиланган вазифалар ҳар бир фуқаронинг кундалик ҳаёти билан бевосита боғлиқ эканини, ушбу ислоҳотлар аҳоли фаровонлиги, ёшлар келажаги ва мамлакат тараққиёти учун мустаҳкам замин яратишини алоҳида қайд этдилар. Фуқаролар таълим, касбга йўналтириш, тадбиркорлик ва маҳалла тизимига оид ташаббусларни ижобий баҳолаб, уларни ҳаётга татбиқ этишда фаол иштирок этишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Учрашув якунида Президент Мурожаатномаси Янги Ўзбекистонни барпо этишда муҳим дастуриламал экани, унда белгиланган устувор вазифалар ижросида депутатлар, партия аъзолари ва кенг жамоатчиликнинг ҳамжиҳатликдаги саъй-ҳаракатлари ҳал қилувчи аҳамият касб этиши таъкидланди. Мурожаатнома ғояларини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш ва амалий ҳаётга татбиқ этиш барчамизнинг умумий вазифамиз экани қайд этилди.

 

Қорақалпоғистон  ахборот агентлиги