Совуқ кунда кўчада юришдан кўра уйда ўтириш хавфлироқ – Тадқиқот

11

Қишнинг совуқ кунларида очиқ ҳавода кўп юриш йўтал ва бурун оқишига сабаб бўладими? Мутахассислар бу фикрни тўлиқ тасдиқламайди. Лондон Империал коллежи вакцинология иммунологияси профессори Жон Трегонинг таъкидлашича, шамоллаш касалликларининг қиш ойларида кўпроқ қайд этилиши бевосита сабаб билан эмас, балки тасодифий мувофиқлик билан изоҳланади.

Бунда айрим иккинчи даражали омиллар мавжуд, масалан, ультрабинафша нурлар вирусларни йўқ қила олади. Яъни инсон ёзда очиқ ҳавода аксирган пайтида вирус томчилари қуёш нурида фаолсизланиши, тез буғланиш эса уларнинг қуриб қолишига олиб келиши мумкин. Бироқ асосий омил инсонларнинг турмуш тарзи билан боғлиқ: қиш мавсумида одамлар кўпроқ ёпиқ биноларда қолади, ҳаво айланиши етарли бўлмайди ва ўзаро яқин мулоқотлар сони ортади.

COVID-19 пандемияси даврида тўпланган маълумотлар инсонлар ўртасидаги алоқанинг нақадар муҳим эканини кўрсатди. Қатъий чекловлар вақтида одамлар камроқ мулоқот қилгани сабабли кўплаб бошқа вируслар деярли йўқолиб кетди, ҳатто гриппнинг айрим штаммлари тарқалиш имкони бўлмагани учун ҳозир деярли учрамайди.

Мутахассислар турли вируслар қишнинг турли даврларида авж олишини таъкидлайди. Трегонингнинг сўзларига кўра, риновирус болалар мактабга қайтган пайтда, тор синф хоналарида микроблар тез тарқалиши ортидан кўпайади. Респиратор-синцитиал вирус (RSV) эса, айниқса, кексалар ва чақалоқлар учун хавфли бўлиб, Янги йил атрофида авж олади.

Шу билан бирга, ўта совуқ шароит организмнинг вирусларга чидамлилигини пасайтириши мумкин. Агар инсон доим совуқда қолиб, калория йўқотса ва чарчоқ ҳолатига тушса, инфекция юқтириш хавфи ортади. Тадқиқотлар риновируслар пастроқ ҳароратда яхшироқ кўпайишини, совуқ ҳавода эса организмнинг ҳимоя қобилияти бироз сусайишини кўрсатади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, энг самарали ҳимоя — қишки вирусларга, жумладан грипп ва RSV’га қарши эмланишдир. Вакциналар фақат инфекциядан сақлабгина қолмай, балки юрак хуружи хавфини камайтириш каби қўшимча ижобий таъсирларга ҳам эга.