Фавқулодда вазиятларга тайёргарлик қандай таъминланмоқда?

8

Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан Нукус шаҳар 1-Қутқарув бўлимида «Ватанпарварлик ойлиги» доирасида «Халқ ва армия бир тану бир жон!» шиори остида пресс-тур ташкил этилди.

Тадбирга оммавий ахборот воситалари вакиллари ва ёшлар таклиф этилиб, соҳада амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида кенг маълумотлар берилди.

Таъкидланганидек, объектларда ва фуқароларнинг хусусий турар жойларида ёнғин ва фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш борасида доимий равишда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Ёнғин ёки фавқулодда вазиятлар содир бўлганда уни бартараф этиш бўйича амалга ошириладиган ишларнинг тез ва самарали бўлиши учун мунтазам равишда ўқув-машғулотлари ўтказилиб, бундай вазиятларда керак бўладиган техникалар ва зарур асбоб-ускуналарнинг созлиги таъминланмоқда.

Қутқарув бўлинмалари айни пайтда энг замонавий техника ва асбоб-ускуналар билан таъминланган. Бўлимдаги шахсий таркиб учун ҳам қулай шароитлар яратилган.

Тадбирда фавқулодда вазиятларни бартараф этишда қўлланиладиган техника ва асбоб-ускуналар кўргазмаси ташкил этилиб, мутахассислар томонидан улар ҳақида маълумотлар берилди. Амалий ва кўргазмали машғулотлар намойиш этилди.

Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.

М.Ҳабибуллаев олган суратлар