“Ўзбекгидроэнерго” АЖда илк бор замонавий риск бошқаруви тизими йўлга қўйилди
Бу ҳақда мазкур ташкилот ахборот хизмати маълум қилди. Унга кўра, барқарорлик ва самарали бошқарувнинг аҳамияти замонавий иқтисодий ва технологик шароитда янада ортмоқда. Шу боис, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ раҳбарлигида рискларни изчил ва тизимли бошқаришга қаратилган муҳим қадам қўйилди.
Хабарда таъкидланганидек, замонавий иқтисодий ва технологик шароитда корхоналар барқарорлиги рискларни изчил ва тизимли бошқаришни талаб этади. Халқаро миқёсда ушбу жараённи тартибга солувчи асосий ҳужжатлардан бири – ISO 31000:2018 “Risk Management – Guidelines” стандарти бўлиб, у рискларни аниқлаш, баҳолаш ва бошқаришни шаффоф ва комплекс ёндашувлар асосида ташкил этишга хизмат қилади. Стандартнинг мослашувчанлиги уни турли соҳа ва бошқарув даражаларида қўллашни осонлаштиради.
Мамлакатимиз саноат корхоналари орасида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ушбу стандартни биринчилардан бўлиб жорий этган корхоналардан бири бўлди. Компанияда илк бор ISO 31000:2018 талаблари асосида рискларни бошқариш тизими шакллантирилди ҳамда у стратегик режалаштириш, инвестицион лойиҳаларни баҳолаш, техник хавфсизлик, операцион бошқарув ва мониторинг жараёнларига интеграция қилинди. Ушбу ёндашув рискларни назарий баҳолаш билан чекланмай, уларга нисбатан амалий бошқарув чораларини белгилаш имконини берувчи функционал тизим сифатида жорий этилди.

Риск бошқарувининг амалдаги самарадорлиги мустақил халқаро экспертлар томонидан ўтказилган аудиторлик текшируви орқали баҳоланди. Текширув жараёнида рискларни аниқлаш, устуворликларни белгилаш, риск реестри ва риск хариталарини юритиш, бошқарув чораларини ишлаб чиқиш ҳамда мониторинг механизмларининг ISO 31000:2018 талабларига мувофиқлиги қайд этилди. Шу билан бирга, қарорлар қабул қилиш жараёнида риск таҳлилларидан фойдаланилаётгани тасдиқланди.
ISO 31000:2018 асосидаги ёндашув компанияда стратегик бошқарувнинг такомиллашуви, операцион барқарорликнинг ошиши ҳамда хавфсизлик талабларининг изчил бажарилишига хизмат қилмоқда. Рискларни бошқариш тизимининг қўлланилиши ноаниқликларни олдиндан баҳолаш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва фаолиятни бошқаришда зарур аниқликни таъминлаш имконини бермоқда.
Жамият томонидан жорий этилган ушбу ёндашув бошқа саноат корхоналари учун ҳам амалий тажриба сифатида намуна бўлиши мумкин. Бу эса рискларни бошқариш тизимларининг мамлакат миқёсида босқичма-босқич ривожланиши ва умумий бошқарув ёндашувларини такомиллаштиришга туртки бўлади.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА