Ташқи савдода божхона органларининг ўрни ва вазифалари

Ташқи бозорларга чиқарилаётган ва юртимизга олиб кирилаётган товарлар ҳаракатини тезкор, шаффоф ва қонуний талабларга мувофиқ равишда расмийлаштириш божхона органлари зиммасига юклатилган муҳим вазифалардан биридир. Экспорт ва импорт жараёнларида қулайликлар яратилиши эса ташқи савдо айланмасининг ўсишига, тадбиркорлик фаолиятининг янада жонланишига хизмат қилади.
Ана шу масъулиятли вазифаларни самарали амалга ошириб келаётган Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси жамоаси ҳам жорий йил якунларига кўра салмоқли натижаларга эришди. Божхона расмийлаштируви ва назорати жараёнларининг такомиллаштирилиши орқали ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини оширишга, ташқи савдо операцияларини қўллаб-қувватлашга муносиб ҳисса қўшилди. Бу эса божхона органларининг давлат иқтисодий сиёсатини амалга оширишдаги муҳим ролини яна бир бор намоён этади.
Биз Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нурсултан Назарбаев билан суҳбатлашиб, қизиқтирган саволларимизга жавоб олдик.
– Нурсултан Оринбаевич, йил якунларига кўра эришилган асосий натижалардан санаб ўтсангиз?
– Мамлакатимизда ташқи иқтисодий алоқаларнинг босқичма-босқич ривожланиб бориши, миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб, халқаро савдо ҳажмларининг кенгайиши орқали давлат бюджети даромадлари мустаҳкамланмоқда ва аҳоли фаровонлигига мустаҳкам пойдевор яратилмоқда.
Республикамизда ташқи савдодаги экспорт ва импортнинг ривожланиши, бунинг учун яратилган шароитлар республикамиз ташқи савдо айланмасининг йилдан-йилга кўпайишига замин яратмоқда.
Хусусан, 2025 йилнинг январь-декабрь ойида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича товарларнинг ташқи савдо айланмаси 823,1 млн. АҚШ долларини ташкил этди ва 2024 йилга нисбатан 101,4 млн. АҚШ долларига, яъни 14 фоизга ошди. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг якуни билан 721,7 млн. АҚШ долларини ташкил этган эди.
Жумладан, товарлар экспорти 320,7 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Бу даврда Қорақалпоғистон Республикаси Божхона постлари орқали экспорт қилинган товарларнинг асосий қисми пластмассадан ясалган буюмларга, ўсимликларга ва улардан олинган маҳсулотларга, тўқимачилик, кимё саноати, озиқ-овқат маҳсулотларига, тирик ҳайвонлар, уларнинг озуқалари ва бошқа товарларга тўғри келди.
– Қайси товарлар экспорти ошди?
– Экспорти ошган товарлардан, асосан, экспорт қилинган товарларининг қиймати 7,9 млн. доллар бўлган кимё саноати маҳсулотларини (41,1%), 5,9 млн. доллар бўлган технологик асбоб-ускуналарни (146,7%), 4,3 млн. доллар бўлган ёғоч-тахта маҳсулотларини (54,7%), 2,6 млн. долларга етган озиқ-овқат маҳсулотларини (24,3%), 4,5 млн. долларни ташкил этган транспорт ва унинг эҳтиёт қисмларини (165,3%) қайд этишимиз мумкин.
Экспорти камайган товарлардан эса пластмасса ва резина маҳсулотлари, ўсимликлар ва улардан олинган маҳсулотларни, тўқимачилик маҳсулотлари, ёқилғи-энергетика ва нефть маҳсулотларини қайд этиш мумкин. Ҳозирги кунда республикамизда 165 та субъект товарлар экспорти билан шуғулланмоқда.
– Товарлар экспорти асосан қайси мамлакатларга амалга оширилмоқда?
– Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидан товарлар экспорти 39 давлатга амалга оширилиб, асосий ҳамкорлар Туркия, Россия, Қозоғистон, Хитой, Латвия, Эстония ва Вьетнам давлатларини ташкил этади. Бу давлатларнинг улуши жами экспортнинг 88,6 фоизини ёки 284,1 млн. АҚШ долларини ташкил этмоқда. Товарлар импорти (ташқи савдо айланмаси бўйича) 502,3 млн. АҚШ долларини ташкил этди.
2025 йилда товарлар импорти ҳажми асосан технологик ускуналарга, ёғоч-тахта маҳсулотларига, металл ва металл буюмларга, озиқ-овқат, электротехника ва унинг қисмларига, кимё саноати маҳсулотларига, ёқилғи-энергетика ва нефть маҳсулотларига, пластмасса, резина маҳсулотларига ва бошқа товарларга тўғри келди.
Товарлар импорти билан шуғулланувчи тадбиркорлар сони 623 тага (477) етиб, 146 тага (ёки 30,6 фоизга) ўсди.
Товарлар импорти 51 та давлатдан амалга оширилиб, асосий ҳамкорлар Хитой, Россия, Қозоғистон, Беларусь, Туркия, Италия ва Германия давлатларини ташкил этади.
Бошқарма томонидан 2025 йилнинг январь-декабрь ойлари давомида 723,9 млрд. сўм миқдоридаги божхона тўловлари давлат бюджетига ўтказилиб, белгиланган режа (700 млрд. сўм) 103,4 фоизга бажарилди.
– Чегара божхона постларидан ўтишда аниқланган ҳуқуқбузарликлар ва унинг олдини олиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берсангиз.
– Божхона бошқармаси, унинг бўлинмаларидаги ходимлар ва тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда 2025 йилнинг 31 декабрь кунига қадар, жами 757 ҳолатда 19 млрд. 421,6 млн. сўмлик товар-моддий бойликлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган.
Ҳолатлар сони олдинги йилга нисбатан 50 тага камайган бўлса, баҳоси эса 5 млрд. 660,3 млн. сўмга ошган.
Аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича олинган қиймати 19 421,6 млн. сўмлик товар-моддий бойликларнинг 10 млрд. 143,4 млн. сўмлик қисми давлат фойдасига мусодара қилинди. 838,7 млн. сўмлик қисми йўқ қилинди. 4 млрд. 646,5 млн. сўмлик қисми бўйича етказилган зарар бартараф этилганлиги сабабли эгасига қайтарилди. Ҳозирги вақтда 3 млрд. 654,8 млн. сўмлик қисми бўйича тўпланган материаллар суд ва тергов органларида кўриб чиқилмоқда.
Ушбу аниқланган ҳолатлар кесимида қарайдиган бўлсак, товар моддий бойликлар, стратегик товарлар – гиёҳвандлик воситалари, кучли таъсир этувчи моддалар, қурол ва шу каби буюмлар аниқланган.
Ташқи иқтисодий фаолият йўналишида амалга оширилган ишлардан таъкидлайдиган бўлсак, 2025 йилнинг ўтган даври давомида 66 (75) ҳолатда 7958,4 млн. (75 ҳолатда 20670,1 млн) сўмлик қўшимча божхона тўловлари билан боғлиқ бўлган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланди. 2025 йилнинг ҳисобот даврида қўшимча ҳисобланган божхона тўловлари 12 711,7 млн. сўм бўлиб, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари кам ҳисобланган. Ҳозирги вақтда 2025 йили аниқланган қўшимча ҳисобланган божхона тўловларидан 7 186,8 млн. сўм ундириб олинган.
Коррупция иллатига қарши курашиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири бўлганлиги сабабли, мамлакатимиз чегаралари орқали ҳаракатланаётган фуқаролар ва чегарада хизмат қилаётган божхоначилар ўртасида коррупцияга қарши курашиш бўйича профилактик тадбирлар тизимли равишда олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, божхона органларида ҳар пайшанба – коррупцияга қарши профилактик тадбирлар куни сифатида белгиланган. Шу кунларда божхона бошқармаси мутахассислари томонидан «Хўжайли,» «Довуд ота» чегара божхона пости орқали ҳаракатланаётган автотранспорт воситалари ҳайдовчилари ўртасида, «Қорақалпоғистон» темир йўл чегара божхона пости орқали ҳаракатланаётган йўловчиларга ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг профилактикаси ва чегара божхона назорати қоидаларига риоя қилиш йўналишлари бўйича тарғибот ва тушунтириш ишлари мунтазам равишда олиб борилмоқда.
Тадбирлар давомида фуқароларга амалдаги қонунчилик талабларини билмаслик уларни жавобгарликдан озод этмаслиги, божхона чегараларини кесиб ўтишда божхона қонунчилигига қатъий риоя этиши ва ҳеч қачон божхона ходимига «пора» таклиф қилмаслиги эслатиб ўтилиб, божхона ходимининг моддий манфаатдорлик ҳолатига дуч келса, Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитасининг 11-08 қисқа ва Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасининг (61) 224-90-86 ишонч рақамларига қўнғироқ қилиши сўралмоқда.
Мақсад – чегара орқали ўтаётган йўловчилар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни қонунчиликдаги янгиликлар билан таништиришдир.

Суҳбатлашган: Адилбай Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси