Спорт соҳасида юксак марралар сари

16

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Фарҳод Эрманов бошчилигида 2025 йил давомида республикамизнинг спорт соҳасида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар ва «Президент Олимпиадаси» спорт мусобақалари якунлари бўйича соҳа раҳбарларининг иштирокида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида 2025 йил 13 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган топшириқларга мувофиқ олимпия спорт турлари бўйича уч босқичли «Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари» спорт мусобақаларини юқори даражада ташкил этиш ва ушбу мусобақалар ғолибларининг «Президент Олимпиадаси» финал босқичида иштирокини таъминлаш вазифалари белгиланган эди.

Ўтказилган тадбирда ушбу мусобақаларни ўтказишдан асосий мақсад, 2028 йилда Лос-Анжелес шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига спортчиларни тизимли ва мақсадли тайёрлашдан иборат экани таъкидланди.

Йиғилиш давомида спорт федерациялари фаолияти кенг муҳокама қилиниб, республикамизда спортни ривожлантириш учун кенг имкониятлар ва зарур инфратузилма яратилганига қарамай, айрим федерациялар фаолиятида жиддий камчиликлар борлиги танқидий нуқтаи назардан қайд этилди.

Жумладан, 2025 йил давомида спортчиларнинг эришган кўрсаткичлари таҳлил қилинганда, қиличбозлик, эшкак эшиш, волейбол, спорт курашлари ва аёллар кураши, баскетбол, гандбол, регби, таэквандо (WT), велоспорт, гимнастика, футбол, бокс ва оғир атлетика федерациялари томонидан жаҳон, Осиё ва халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этиш, юқори ўринларни қўлга киритиш ва лицензиялар олиш бўйича салмоқли ижобий ишлар амалга оширилган.

Шу билан бирга, айрим спорт федерациялари фаолиятида режали иш олиб борилмаётгани, селекция, захира спортчилар тайёрлаш, мураббийлар билан ишлаш ва халқаро мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриш масалалари етарли даражада ташкил этилмагани аниқланди.

Йиғилишда мутасадди раҳбарлар ва федерация раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилиб, соҳада учрашиб, камчиликларни бартараф этиш, иш самарадорлигини ошириш ва аниқ бир натижага йўналтирилган тизимли ишларни йўлга қўйиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Шунингдек, спорт соҳасида шахсий масъулиятни кучайтириш, ҳар бир федерациядан аниқ натижа талаб қилиш зарурлиги қатъий таъкидланди.

Йиғилиш якунида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси М.Атамуратов иштирок этди.

 Қорақалпоғистон ахборот агентлиги