Афғонистон расмийлари ўзбек тилидан фойдаланишни чеклаш ҳақидаги хабарларни рад этди

Ўзбек тилининг Афғонистонда қўлланилишига чекловлар жорий этилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ўзбекистон тарафи Афғонистон ТИВ билан вазиятга ойдинлик киритди.
Афғонистонлик расмийлар ушбу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини, мамлакат ҳудудида ўзбек тилининг ишлатилишига нисбатан ҳеч қандай чеклов йўқлигини қатъий таъкидлаб, Афғонистон ҳукумати ва халқи биродар ўзбек халқи ҳамда тилига чуқур ҳурмат билан муносабатда эканини алоҳида қайд этди.
Маълум қилинишича, ҳозирги вақтда мамлакат бўйлаб ОТМлари ва умумтаълим мактаблари пештоқларидаги ёзувларни «ягона стандарт асосида тартибга солиш ишлари» олиб борилмоқда. Мазкур амалиётга кўра, таълим муассасалари пештоқларидаги ёзувлар бутун мамлакат бўйлаб уч тилда — пушту, дарий ва инглиз тилларида акс эттирилади. Шу билан бирга, мамлакатнинг шимолий ҳудудлари, жумладан Саманган университети учун истисно тариқасида ёзувлар пушту, дарий ва ўзбек тилларида берилиши белгиланган.
Таъкидланишича, Афғонистон ҳукумати тарихда илк бор Жоузжон давлат университетида жорий йилдан бошлаб магистратура босқичида «Ўзбек тили ва адабиёти» факултетини ташкил этишни режалаштирмоқда.