Биринчи турдаги илк ғалаба

Кеча Саудия Арабистонида футбол бўйича U-23 Осиё кубогида 1-тур ўйинлари ўз якунига етди
«С» гуруҳида Жанубий Корея, Эрон ва Ливан терма жамоалари билан кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритиш учун курашга киришган Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси, ўзининг турнирдаги илк учрашувини Ливан терма жамоасига қарши ўтказди.
Қизиқарли ўтган ўйиннинг биринчи таймининг дастлабки дақиқаларида Ливан терма жамоаси устунлик қилган бўлса, 20-дақиқаларида Равшан Ҳайдаров шогирдлари кўпроқ хавфли ҳужумлар ташкил этди ва шундай ҳужумлардан бирини Амирбек Саидов муваффақиятли якунлади.
Иккинчи бўлимнинг боши эса футболчиларимиз учун жуда омадли келиб, 50-дақиқада Равшан Хайруллаев, 58-дақиқада Сардор Баҳромов Ливан дарвозасини икки бор аниқ нишонга олишга эришди. Ҳисоб 3:0.
Шундан сўнг Ливан терма жамоаси таркибига янгидан 3 нафар футболчи туширилди ва бу ўзгаришлар ўзининг ижобий натижасини кўрсатди. Хусусан, учрашувнинг 65 ва 90+5 дақиқаларида Леонардо Шаҳин ҳамюртимиз Самандар Муратбаев ҳимоя қилаётган дарвозага икки марта гол уришга эришди.
Шундай қилиб жуда қийин кечган ўйин Ўзбекистон терма жамоаси фойдасига ҳал бўлди ва жамоамиз ўзининг дастлабки 3 очкосига эга бўлди.
Ушбу гуруҳдаги Эрон ва Жанубий Корея терма жамоалари ўртасидаги иккинчи ўйинда эса, ҳисоб 0:0 ҳисоби билан якунланди.
Энди жамоамиз аъзолари 2-турда Эрон терма жамоасига қарши ўйин олиб боради.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси