Республика инклюзив IТ-оромгоҳи фаолиятини бошлади

9

Техника тараққиёти имконияти чекланган инсонлар учун ҳам айни муддао бўлди. Хусусан, кўришда нуқсони бор шахслар телефон ва компьютердан овозли ёрдамчи орқали бемалол фойдаланиш имкониятига эга. Бу, уларнинг ўқиш ва меҳнат фаолияти мобайнида асқатмоқда. Умуман олганда, инклюзивлашув ривожланаётган бугунги кунда имконияти чекланганларнинг компьютер технологиясидан унумли фойдаланиши муҳим аҳамият касб этади.

Тошкент шаҳрида жойлашган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот технологияларига ихтисослаштирилган мактабда Республика инклюзив IТ-оромгоҳи расман иш бошлади.

Юртимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган 150 нафар истеъдодли ва фаол ёшлар 5 кун давомида робототехника ҳамда рақамли санъат йўналишларида билим ва кўникмаларини янада оширади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, “Замин” халқаро жамоат фонди ҳамда “Digital Generation Uzbekistan” нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамкорлигида амалга оширилаётган мазкур муҳим ташаббус иштирокчиларга инновацион технологиялар билан яқиндан танишиб, ўз ижодий ва техник салоҳиятини намоён этиш имконини беради.

Шербек Исломов,

ЎзА