Аскарлар қариндошлари билан дийдор кўришди
Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни арафасида Нукус шаҳридаги ҳарбий қисмларнинг бирида «Аскар оналарни шарафлаймиз!» шиори остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси ДХХ Чегара қўшинлари таркибидаги ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган муддатли ҳарбий хизматчилар ҳамда барча вилоятлардан видеоконференцалоқа тарзида онлайн иштирок этаётган ота-оналар иштирок этди.
Учрашувда йигитлик бурчини ўтаётган аскарлар ўз ота-оналари ва яқинлари билан реал вақт режимида экран орқали дийдор кўришиш бахтига муяссар бўлди.

Тадбир ҳаяжонли ва қувончли дамларга бой бўлди. Тўққиз ойдан буён юзлаб чақирим олисда эл ҳимоячиси деган шарафли номга муносиб ўғлонлар сафида ҳарбий хизматни ўтаётган фарзандини онлайн бўлса-да, кўриб қувонган оналарнинг кўзларида қувонч.
Қорақалпоғистондаги, Фарғона ва Қашқадарё вилоятларидаги ҳарбийлар ота-оналари ва яқинларига ҳарбий хизматдаги шароитлар ҳақида сўзлаб, эришаётган ютуқлари билан фахрланди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги