Божхона ҳудудида қайта ишлаш: хомашёдан тайёр маҳсулотгача

Бугунги кунда «божхона ҳудудида қайта ишлаш» божхона режими мамлакатимизда маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва янги иш ўринлари яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ушбу режим имкониятларидан самарали фойдаланиб келаётган Қўнғирот ва Хўжайли туманларида фаолият юритаётган ун ишлаб чиқариш корхоналарида божхона бошқармасининг масъул ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди.
Хусусан, «Қўнғирот ун заводи» акциядорлик жамияти фаолияти билан яқиндан танишди. Ушбу корхона бугунги кунда дон маҳсулотларини қайта ишлаш орқали бир кунда 150 тонна ун маҳсулотини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган бўлиб, 80 нафар фуқарони доимий иш ўрни билан таъминлаган.
Шунингдек, йиллик қуввати 50 минг тонна ун маҳсулотини ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлган «Хўжайли ун маҳсулотлари» масъулияти чекланган жамияти фаолияти ҳам ўрганилди. Корхона томонидан 2025 йил давомида умумий қиймати 2,1 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 8,4 минг тонна тайёр ун маҳсулотларининг ташқи бозорларга экспорт қилинишига эришилган.

– Ўрганиш жараёнида корхона вакилларига мавжуд ишлаб чиқариш салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда «божхона ҳудудида қайта ишлаш» божхона режими имкониятларидан янада кенгроқ ва самарали фойдаланиш бўйича тегишли тавсия ва тушунтиришлар берилди, – дейди Божхона бошқармасининг Тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш сектори бош инспектори Саламат Даўенов.
Амалга оширилаётган бундай чора-тадбирлар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, корхоналарнинг экспорт ҳажмини ошириш ва ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги