Янги Ўзбекистондаги ўзгаришлар марказида инсон қадрини юксалтириш ғояси мужассам
Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида мамлакатимизда қонун устуворлиги мустаҳкамлангани алоҳида қайд этилди. Энг муҳими, ислоҳотларни ҳар бир инсон кундалик ҳаётида ҳис қилмоқда.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова шу ҳақдаги фикрлари билан ўртоқлашди:
– Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган барча соҳадаги ўзгаришлар марказида инсон қадрини юксалтириш ғояси туради. Ушбу ғоя давлат сиёсатининг барча йўналишларида устувор аҳамият касб этмоқда.
Мурожаатномада ҳам ислоҳотлар натижаси ҳар бир инсон ҳаётида намоён бўлиши керак, деган тамойил аниқ ва равшан белгилаб берилган бўлиб, у инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги асосий мезон сифатида барча ислоҳотлар занжирини боғлаб турувчи ғоявий асосдир.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган олтита йўналишдаги ғоя ва стратегик ташаббусларни инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган ягона тизимнинг ўзаро боғлиқ ва бир-бирини тўлдирувчи устунлари, деб атасак муболаға бўлмайди.
Омбудсман парламент назорати субъекти сифатида Париж тамойилларига мувофиқ инсонларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича таъсирчан чоралар кўриб келмоқда. Қонунчилик таклифларини ташаббус ҳуқуқи тартибида киритиши орқали қонунчиликни такомиллаштиришда, шунингдек, аҳоли ўртасида инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳуқуқий хабардорликни оширишга қаратилган амалий ишлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.
“Омбудсман тўғрисида”ги қонуннинг 48-моддасига мувофиқ, Омбудсман ва жамоатчилик гуруҳлари жазони ижро этиш муассасаларига мониторинг ташрифларини амалга ошириб келмоқда. 2025 йил давомида 953 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Шундан 11 тергов ҳибсхонасига 127 маротаба мониторинг ўтказилди. Маҳкум ва маҳбуслар билан жамоавий ва якка тартибда суҳбатлар олиб борилди.
Хусусан, тергов ҳибсхоналарида шароитлар халқаро нормалар, хусусан, БМТнинг маҳбуслар билан муомала қилиш бўйича минимал стандарт қоидалари (Нельсон Мандела қоидалари)га мувофиқлаштирилмоқда.
Омбудсман тўғрисидаги қонунга кўра, Омбудсман Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга ҳамда суд мажлисларида иштирок этиб, барча кўриб чиқилаётган масалалар бўйича ўз нуқтаи назарини билдиришга ҳақли.
Омбудсман тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш бўйича Конституциявий суд билан ҳамкорликда Қонунчилик палатасига қонунчилик таклифини киритди.
Ушбу ташаббус мазкур жойларда сақланаётган шахсларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш учун шарт-шароитларни янада яхшилаш, инсон ҳуқуқлари соҳасида умумэътироф этилган халқаро стандартларга миллий амалиётни мослаштиришга қаратилган.
Айни пайтда, ушбу ёндашув айбсизлик презумпцияси тамойили, шунингдек, Конституцияда мустаҳкамланган инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат қонунга мувофиқ, зарурат ва мутаносиблик тамойилларига риоя этилган ҳолда чекланиши мумкин, деган қоиданинг ижтимоий ҳаётга изчил татбиқ этилишига қаратилган.
Айтиб ўтиш керакки, Конституциявий суд томонидан яқинда қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган вояга етмаганларнинг узлуксиз умумий ўрта таълим олишини таъминлаш, бу борада уларга суд-тергов жараёнлари сабабли таълимдан узилиб қолиши натижасида қолдирилган дарс соатларини ўзлаштириш ва имтиҳон орқали қоплаш имконини яратиш лозимлиги илгари сурилди.
Мазкур масала долзарб ва ўз вақтида кўтарилди. Зотан, инсон қадри ва бола манфаатлари устуворлиги тамойилларидан келиб чиқиб, Омбудсман ва жамоатчилик гуруҳлари томонидан ўтказилган мониторинг ташрифлари натижасида тавсиялар киритилиб, уларга асосан айрим вилоятларда жойлашган тергов ҳибсхоналарида сақланаётган вояга етмаган шахслар учун ҳудуддаги умумтаълим мактабларидан ўқитувчилар бириктирилмоқда. Улар иштирокида баъзи фанлар бўйича ўқув машғулотлари ташкил этилмоқда.
Бироқ ушбу механизмлар ҳозирги кунда институционал ва ҳуқуқий жиҳатдан барқарор характерга эга эмас. Шу сабабли, ушбу масала, яъни қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган вояга етмаганларнинг узлуксиз умумий ўрта таълим олишини таъминлаш, қолдирилган дарс соатларини ўзлаштириш ва имтиҳон орқали қоплаш тартибларини қонун даражасида белгилаш ниҳоятда зарур.
Бундай ечим, биринчидан, ҳудудлар кесимида ягона амалиётни шакллантиришга хизмат қилади. Иккинчидан, таълим, ички ишлар ва суд-тергов органлари ўртасидаги масъулият ва ваколатларни аниқ белгилаб беради. Учинчидан эса, боланинг таълим олиш ҳуқуқи ва ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқини таъминлашни кафолатлайди.
Хулоса ўрнида айтиб ўтиш керакки, Мурожаатномада эътироф этилганидек, “Ўзбекистонда фуқароларимиз, тадбиркорларимиз ва инвесторларни ҳар қандай вазиятда ҳам ишончли ҳимоя қиладиган давлат бор, Конституция бор, қонунлар бор!”.
Буни амалда рўёбга чиқариш борасида Омбудсман барча имкониятларни ишга солган ҳолда фаолият олиб боришни давом эттиради.
Норгул Абдураимова, ЎзА