Ходим ишдан бўшаётганда иш берувчидан қандай пул маблағларини олиши мумкин?

65

Ҳуқуқий муносабат

Маълумки, ходим ишдан бўшаганда ходим билан ҳисоб-китоб қилиниши керак. Бу қонунчилигимизда кўрсатиб қўйилган.

Бу борада Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев қуйидагича тушунтириш берди:  

–Меҳнат кодексининг 172-моддасига кўра, ҳисоб-китоб ходимга охиригача олинмаган иш ҳақини беришда, ходим томонидан фойдаланилмаган барча асосий ва қўшимча таътиллар учун компенсацияни тўлашда қўлланилади.

Шунингдек, агар меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ёхуд меҳнат шартномасида бошқа тўловлар тўлаш назарда тутилган бўлса, ушбу тўловларни тўлашни ўз ичига олади.

Меҳнат кодексининг 234-моддасига кўра, меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга барча фойдаланилмаган ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътиллари учун пулли компенсация тўланади.

Меҳнат кодексининг 254-моддасига кўра, меҳнат шартномаси бекор қилинганда иш берувчидан ходимга берилиши керак бўлган барча суммаларни тўлаш ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган куни амалга оширилади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ходим ишдан бўшаётгани муносабати билан иш ҳақининг тўланмаган қисми ва фойдаланилмаган таътиллар учун компенсацияларни олиши мумкин бўлади.

Гулноза Бобоева, ЎзА