Бугунги таклиф – эртанги натижа: “Ўзбекистон – 2030” стратегияси муҳокамасида иштирок этиш фуқаролик бурчимиз

Муносабат

Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, иқтисодиётини либераллаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, инсон капиталини ривожлантириш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда давлат бошқарувини ислоҳ қилишга қаратилган чора-тадбирлар янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдеворини яратди.
Ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатни ўрта муддатда ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди. Ушбу стратегия жаҳон амалиётида кенг қўлланилаётган “мақсад – ҳаракат – натижа” тамойилига асосланган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, давлат сиёсатининг аниқ мақсадларига эришишни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Жумладан, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида барқарор иқтисодий ўсиш, таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимларини тубдан янгилаш, экологик барқарорликка эришиш, халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш ҳамда мамлакат суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш устувор вазифалар этиб белгиланди.
Стратегия доирасида амалга оширилган ислоҳотлар қисқа вақт ичида сезиларли ижобий натижаларни берди. Хусусан, камбағаллик даражасининг 11 фоиздан 5,8 фоизга тушиши, ялпи ички маҳсулот ҳажмининг 145 миллиард долларга етгани, экспорт ва хорижий инвестициялар ҳажмининг изчил ўсиши мамлакат иқтисодий салоҳияти мустаҳкамланаётганини кўрсатмоқда. Шунингдек, ишсизлик даражасининг пасайиши, туризм соҳасидаги ўсиш ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги мавқеи яхшиланиши амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини тасдиқлайди.
Шу билан бирга, ўтказилган таҳлиллар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган айрим самарадорлик кўрсаткичлари ўз долзарблигини йўқотаётганини кўрсатмоқда. Жумладан, амалдаги 444 та кўрсаткичнинг муайян қисми вазифа ёки топшириқ сифатида шакллангани, айримларида эса натижадорлик етарли даражада акс этмагани стратегияни қайта кўриб чиқиш зарурлигини тақозо этмоқда.
Бундан ташқари, жаҳонда юз бераётган глобал ўзгаришлар, халқаро бозорлардаги беқарорлик, технология ва саноатнинг жадал ривожланиши, “яшил иқтисодиёт”га ўтиш, рақамли трансформация, сунъий интеллект ва киберхавфсизлик соҳаларининг долзарблиги Ўзбекистондан мутлақо янги ёндашувларни талаб этмоқда. Аҳоли сонининг ўсиши, урбанизация жараёнларининг тезлашиши, бандлик ва даромадлар масаласи ҳам стратегик режалаштиришда инобатга олиниши лозим бўлган муҳим омиллардир.
Қолаверса, бу галги Президент фармонида “Ўзбекистон – 2030” стратегияси амалга оширилиши устидан қатъий ва тизимли мониторинг ўрнатиш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Хусусан, Республика комиссиясига стратегиянинг тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш, барча масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш вазифаси юкланди.
Адлия вазирлиги ва Ҳисоб палатаси томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ўз вақтида ишлаб чиқилиши назорат қилиниши, Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги ҳамда тегишли ташкилотлар томонидан самарадорлик кўрсаткичларига эришиш мониторингининг йўлга қўйилиши давлат бошқарувида натижа ва ҳисобдорликни оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси томонидан стратегия ижросини ҳар ой ва ҳар чоракда танқидий муҳокама қилиш амалиёти жорий этилгани масъул раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтиради. Бу эса ислоҳотларнинг қоғозда эмас, амалда бажарилишини таъминлашга қаратилган муҳим қадам ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакат тараққиётини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган комплекс ва тизимли дастур ҳисобланади. Уни глобал тенденциялар ва замонавий чақириқларга мос равишда такомиллаштириш, самарадорлик кўрсаткичларини қайта белгилаш ҳамда қатъий мониторинг механизмларини жорий этиш орқали Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши, халқ фаровонлиги ва халқаро майдондаги рақобатбардошлигини янада оширишга мустаҳкам замин яратилади.
Шу боис, парламент аъзоси ҳамда халқ вакили сифатида ҳар бир юртдошимизни “Мамлакатнинг 2030 йилгача мўлжалланган тараққиётининг устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони ҳамда 2026 йилги Давлат дастури муҳокамасида ўз таклиф ва фикрлари билан фаол иштирок этишга чақираман.
Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.
ЎзА