Судьялар корпуси янги вакиллар билан тўлдирилди

Қорақалпоғистон Республикаси судининг навбатдаги Раёсат мажлисида илк бор судьялик лавозимига тайинланган судьяларнинг қасамёд қабул қилиш маросими ўтказилди.
Мажлисда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг 2026 йил 1 январь кунги Президиум қарори билан судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига тайинланган Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Қўнғирот туманлараро судининг судьяси Г.Абиниязова ва фуқаролик ишлари бўйича Чимбой туманлараро судининг судьяси С.Опаевалар қасамёд қабул қилди.
Маросимда Қорақалпоғистон Республикаси судининг раиси К.Тарихов сўзга чиқиб, судьялар корпусига янги қўшилаётган вакилларга ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарори билан судьялик ваколати муддати даврига Қорақалпоғистон Республикаси судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси лавозимига тайинланган Д.Давлетовга ҳам ишонч билдириб, уларга одил судловни амалга оширишдек машаққатли шу билан бирга, масъулиятли фаолиятида муваффақиятлар тилади. Судларда узоқ йиллардан буён давом этиб келаётган «Устоз-шогирд» анъанаси асосида янги вакилларга тажрибали судьялар устоз этиб бириктирилди.

Тадбирда иштирок этган судьялар ва бошқалар янги судьяларга энг эзгу тилакларини билдирди. Ўз навбатида, янги судьялар корпусига вакил бўлганлар билдираётган ишончни оқлашга, фақат қонун асосида адолатли қарор чиқаришга, бунинг учун ўзларининг бор билим ва тажрибасини аямасдан сафарбар этишга ваъда берди. Қасамёд қабул қилган судьяларга Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва «Судьялар одоби» китоби совға қилинди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги