Модулли интеллектуал ҳисоблаш маркази: Қорақалпоғистоннинг технологик келажаги

Қорақалпоғистон Республикасида умумий қиймати 3,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида «Модулли интеллектуал ҳисоблаш марказини қуриш бўйича Ҳаракатлар режаси» имзоланган бўлиб, ушбу лойиҳа икки босқичда амалга оширилиши белгиланган.
Мазкур ҳужжатда кўзда тутилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, лойиҳа доирасида навбатдаги учрашув бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Фарҳод Эрманов Хитой Халқ Республикасининг сунъий интеллект, катта маълумотлар ва суперкомпютер тизимлари ечимларига ихтисослашган «Shanghai LinkWise Data Intelligence Co., Ltd.» компанияси раиси Ванг Суйху бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Учрашув давомида модулли интеллектуал ҳисоблаш марказини қуриш лойиҳасининг техник-иқтисодий жиҳатлари, замонавий юқори самарали ҳисоблаш инфратузилмасини яратиш, шунингдек, сунъий интеллект ва рақамли технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Томонлар лойиҳа доирасида амалга ошириладиган ишлар ва инвестиция ҳажми бўйича фикрлашди.

Ўтказилган тадбир давомида лойиҳа доирасида белгиланган ҳудудларга чиқиб, қурилиш учун режалаштирилган майдонларнинг ҳолати ўрганилиб, бу ерларнинг инфратузилма таъминоти, логистика имкониятлари ва техник талаблар мавжудлиги кўздан кечирилди.
Шуни айтиб ўтишимиз керакки, ушбу муҳим лойиҳанинг амалга оширилиши билан марказни қуриш, ишга тушириш ва эксплуатация қилиш босқичларида қўшимча иш ўринлари яратилади. Шу билан бирга, юқори малакали IT -мутахассислар, муҳандислар ва тадқиқотчиларни тайёрлаш ва жалб қилиш, минтақавий таълим инфратузилмасини ривожлантириш учун зарур шароитлар яратилади.
Ушбу лойиҳа Қорақалпоғистон Республикаси ва умуман Ўзбекистон Республикаси учун Марказий Осиёда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, технологик эркинликни ошириш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим ташаббуслардан биридир.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги