Рақамли таълим экотизимида бир йил ичида нималарга эришилди?

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда рақамли трансформация жараёнлари таълим соҳасида ҳам изчил ва тизимли амалга оширилмоқда. Хусусан, мактабдан касбгача бўлган узлуксиз АТ таълим экотизимини шакллантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. 2025 йил давомида Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан бу борада амалга оширилган ишлар нафақат таълим сифати, балки ёшларнинг бандлиги ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш нуқтаи назаридан ҳам муҳим натижаларни кўрсатди.
Рақамли таълимни кенгайтиришда ҳудудлараро тенгликни таъминлаш асосий вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Шу мақсадда ташкил этилган “IТ-шаҳарча”лар орқали олис ва чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган 1200 нафардан ортиқ ёшлар хорижий тиллар ва ахборот технологияларини бепул ўрганиш имкониятига эга бўлди. Бу ташаббус рақамли билимларга эга бўлиш фақат йирик шаҳарларгагина хос деган қарашни бартараф этишга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, “Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари” лойиҳаси Қорақалпоғистон Республикасининг 7 та тумани ҳамда Хоразм вилоятининг барча ҳудудларида амалга оширилиб, қарийб 5 минг нафар ўқувчини қамраб олди. Мазкур лойиҳа иқтидорли ёшларни эрта аниқлаш ва уларни IТ соҳасига йўналтиришда муҳим платформага айланди.
Рақамли иқтисодиёт учун малакали кадрлар тайёрлашда хусусий секторлар билан ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этмоқда. 2025 йилда экспортёр компаниялар учун кадрлар тайёрлаган 10 га яқин ўқув марказига 2 миллиард сўмдан ортиқ субсидия ажратилди.
Бундан ташқари, “IТ-истеъдод” лойиҳаси доирасида 2 400 нафар ёшга халқаро АТ сертификатлари ва ўқиш харажатларини қоплаш учун қарийб 11 миллиард сўм маблағ ажратилди.
2025 йилда олий таълим муассасаларида ҳам муҳим янгиликлар қайд этилди. Тошкент шаҳридаги Инҳа университети Буюк Британиянинг академик дастурларини жорий этди ҳамда сунъий интеллект ва маълумотлар таҳлили йўналишида раҳбарлар учун MBА дастурини ишга туширди. Бу ташаббус IТ соҳасида нафақат ижрочилар, балки стратегик фикрлай оладиган бошқарув кадрларини тайёрлашга қаратилган.
Шу билан бирга, Тошкент ахборот технологиялари университети “Ахборот хавфсизлиги” бўйича нуфузли QС халқаро рейтингида 1401-ўринни эгаллади.
Рақамли таълим экотизимининг энг муҳим кўрсаткичларидан бири битирувчиларнинг бандлиги ҳисобланади. 2025 йилда ахборот технологиялари йўналишида таълим олган 16 минг 300 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди. Бу рақам таълим ва меҳнат бозори ўртасидаги узвий боғлиқлик кучайиб бораётганидан далолат беради.
2025 йил якунлари шуни кўрсатдики, Ўзбекистонда рақамли таълим экотизими тизимли ривожланиш босқичига чиқди. Бепул таълим имкониятлари, ҳудудларни қамраб олиш, давлат субсидиялари, халқаро дастурлар ва бандлик кўрсаткичлари бир бутун механизм сифатида ишламоқда. Бу эса келгусида Ўзбекистонни минтақада рақамли кадрлар тайёрлаш марказига айлантириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА