Янги Тошкент ҳар томонлама қулай, хавфсиз ва иқтисодий фаол мегашаҳар бўлади

Президент Шавкат Мирзиёев 30 декабрь куни Янги Тошкентда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, жумладан, йўл-транспорт инфратузилмаси, энергетика, уй-жой, таълим ва бошқа объектлар қурилишининг бориши билан танишди.
Давлатимиз раҳбари дастлаб ер ости автотураргоҳи ва пиёдалар ўтиш йўлагини барпо этиш ишларини кўздан кечирди.
Қурилиш майдони 40 минг квадрат метрдан иборат бўлган, қиймати 100 миллион долларлик мазкур автотураргоҳда биринчи босқичда 200 та енгил автомобиль ҳамда 30 та мотоцикл ва скутерларни жойлаштириш имконияти бўлади. Тўрт томонлама қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш учун пиёдалар йўлаги қурилади.
Бу ерда автоматлаштирилган парковка тизимлари, велосипедлар ижараси нуқталари ташкил қилиниб, электромобилларни зарядлаш учун станциялар ҳам барпо этилади. Мазкур автотураргоҳни 2026 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Президентимиз бу каби замонавий автотураргоҳларни кўпайтириш, улар аҳоли учун максимал даражада қулай бўлишини таъминлаш, келгусида электромобиллар улуши ортишини ҳисобга олиб, уларни қувватлаш инфратузилмасини янада ривожлантириш юзасидан кўрсатмалар берди.

Янги Тошкентда вазирлик ва идоралар ишини ташкил этиш учун маъмурий бинолар қурилмоқда.
Жумладан, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг модуль турдаги янги биноси барпо этилган.
1,4 гектар ерда умумий майдони 5751 квадрат метрни ташкил этувчи 5 та бир қаватли енгил металл конструкцияли, базальт қопламали сендвич панеллардан иборат бинолар қурилди.
Мазкур бинo вазирликнинг марказий аппарати ҳамда тизимдаги ташкилотларни бир маконда жойлаштириш имконини бериб, муассасалар ўртасидаги ҳамкорлик ва иш жараёнларининг самарадорлигини оширади.
Енгил конструкциялар ва энергия самарадор сендвич панеллар, мустақил оқова, самарали марказлашган иситиш, совитиш ва шамоллатиш тизими ушбу бинoнинг эксплуатация харажатларини камайтириш, келгусида уни кенгайтириш ёки демонтаж қилиш имконини беради ҳамда тез мослашувчанлигини таъминлайди.
Бугунги кунда янги бинода вазирлик марказий аппарати ва тизимдаги ташкилотларда фаолият юритувчи жами 550 нафар ходим ишламоқда.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш республика маркази ҳам шу бинода жойлашган.
Ҳозирда марказ томонидан “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими негизида бир қатор платформалар ишга туширилган.
Давлатимиз раҳбарига платформалар фаолияти ҳақида маълумот берилди.
Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри” географик ахборот тизимида шаҳар ва туманлар ҳудудларига оид барча ижтимоий-иқтисодий маълумотлар ягона рақамли базага жамланди. Геопортал орқали аҳоли пунктларининг 3D форматдаги “рақамли эгизаклари” яратилди, реконструкция ва реновация зоналари белгилаб олинди ҳамда ҳудудларни комплекс таҳлил қилиш имконияти яратилди.
Бош режаларни ишлаб чиқиш ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш, шунингдек, улар асосида қурилишга рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилди.
Бугунги кунга қадар 20 та шаҳар, 22 та шаҳарча, 843 та туман аҳоли пунктларининг рақамли бош режалари ишлаб чиқилиб геопорталга жойлаштирилди.
“Рейтинг” электрон платформасида қурилиш-пудрат ташкилотлари фаолиятини баҳолаш автоматлаштирилди. “Тендер” электрон платформаси вазирлик ва идораларнинг электрон тизимлари билан интеграция қилинди. “Қурилиш соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш” электрон платформасининг янги версияси ишлаб чиқилиб, қурилиш соҳасидаги барча 9 та хизмат қамраб олинди.

“Лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш”, “Қурилишда давлат назорати”, “Менинг уйим”, “Менинг ҳудудим”, “Иссиқлик таъминоти биллинг тизими” каби қатор платформалар ҳам фаолият юритмоқда.
Тизимни янада такомиллаштириш, шаффофлаштириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Давлатимиз раҳбари шу ерда ёш мутахассислар билан суҳбатлашди.
– Кечаги билим билан бугун катта натижаларга эришиш қийин. Бунинг учун ҳар куни изланиш, аниқ фанлар, хусусан, ахборот технологияларини яхши ўрганиш керак, бу қурилиш соҳасида ҳам жуда муҳим, – деди Президентимиз.
Шундан сўнг давлатимиз раҳбари Янги Тошкентдаги “Шарқ баҳори” турар жой мажмуасининг қурилиш майдонига ташриф буюрди.
Президентимиз Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида таъкидлаганидек, жорий йилда 8 миллион 100 минг квадрат метр кўп қаватли уйлар қурилиб, аҳолига топширилмоқда. Умуман, сўнгги тўққиз йилда 210 миллион квадрат метрли турар жой ва нотурар жой объектлари фойдаланишга топширилди.
Янги Тошкентда ҳам кенг кўламли уй-жой қурилиши бошлаб юборилган. Биринчи босқичда 600 минг аҳоли учун замонавий инфратузилма барпо этилиши белгиланган. Лойиҳа тўлиқ якунланганда эса Янги Тошкент 2 миллион нафар одам яшайдиган улкан мегаполисга айланади.
Уларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини таъминлаш борасидаги биринчи қадам “Шарқ баҳори” турар жой мажмуасидир. Мажмуа минтақамиздаги энг йирик уй-жой лойиҳаларидан бири ҳисобланади. 95 гектар ҳудудда 15 мингга яқин хонадондан иборат кўп қаватли уйлар қурилади.
Бугунга қадар бу ерда 1 миллион 800 минг квадрат метрдан ортиқ қурилиш ишлари бажарилди. Бунда “А+” энергия тежамкорлик тоифасидаги замонавий материаллар қўлланмоқда.
Мажмуада 15 мингдан ортиқ дарахт ва кўчатлардан иборат яшил ҳудуд ташкил қилиш ҳам режалаштирилган. Шунингдек, автоном иситиш ва совутиш тизимлари бўлади, том қисмлари тўлиқ қуёш панеллари билан қопланади.

Аҳолининг шахсий транспорт воситаларини сақлаши учун уйларнинг ер ости қисмларида автотураргоҳлар ташкил этилади. Мажмуадан 5-10 дақиқалик масофада боғ, метро бекати, маъмурий бинолар ва ижтимоий муассасалар қад ростлайди.
Президентимиз тайёр хонадонлардан бирига кириб, шароитлар билан танишди, Янги Тошкент аҳоли учун ҳар томонлама қулай уй-жой қуришда бутун мамлакатимизга намуна ва тажриба мактаби бўлиши кераклигини таъкидлади.
Сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент ҳудудида қурилаётган энергетика объектлари билан танишди.
Тригенерация технологияси шаҳарни марказлашган совутиш ва иситиш билан таъминлаш учун замонавий ечим бўлиб, анъанавий қувватларга нисбатан икки бараваргача кам энергия сарфлайди. Оддий иссиқлик марказлари ёки совутиш тизимларида ишлаб чиқариш жараёнлари алоҳида-алоҳида амалга оширилади. Тригенерацияда эса буларнинг барчаси ягона технологик занжир асосида бирлаштирилади.
Ҳозирги пайтда Янги Тошкентда айнан шу технологияга асосланган станциянинг асосий бино ва иншоотлари қурилиши жадал кетмоқда. Лойиҳа доирасида талаб этиладиган асосий асбоб-ускуналар халқаро энергия самарадорлик талабларига тўла мос келади.
Биринчи босқичда иссиқлик учун 75 мегаватт, совутиш тизими учун эса 100 мегаватт қувват яратилади. Шу билан бирга, 17 мегаватт миқдорда қўшимча электр энергияси ҳам ишлаб чиқарилади.
Президентимиз Янги Тошкентнинг биринчи нимстанциясида олиб борилаётган ишлар билан ҳам танишди.
Нимстанция қуввати 100 мегаваттга тенг бўлиб, Янги Тошкентнинг дастлабки босқичдаги эҳтиёжларини таъминлайди. Лойиҳа Хитойнинг “Haocheng Industry Group Limited” компанияси иштирокида давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилмоқда.
Эътиборлиси, ушбу объект Ўзбекистондаги биринчи ёпиқ турдаги нимстанция ҳисобланади.
Бундай типдаги иншоотлар анъанавий очиқ нимстанцияларга нисбатан бир қатор устунликларга эга. Аввало, улар шаҳар ичидаги муҳитга мос лойиҳаланади ва ҳудуд архитектура қиёфасини бузмасдан жойлаштирилади. Шунингдек, бундай нимстанцияларнинг шовқин даражаси анъанавийларига қараганда икки баравар паст бўлади. Бундан ташқари, очиқ турдаги иншоотларга нисбатан уч баробар кам майдон талаб қилади. Бу янги қурилаётган Янги Тошкент каби мураккаб муҳандислик концепциясига эга шаҳарда жуда катта афзаллик ҳисобланади.
Президентимиз мазкур объектлар билан танишар экан, уларнинг техник имкониятлари, иқтисодий самараси ва Янги Тошкент учун стратегик аҳамиятини алоҳида қайд этди. Лойиҳанинг янада самарали ишлаши ва келгусидаги босқичларини тез ҳамда сифатли амалга ошириш юзасидан ўз тавсияларини берди.
Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентда барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” университети ва Ўзбекистон Миллий кутубхонаси биноларининг қурилишини ҳам кўздан кечирди.

Мамлакатимизда иқтисодиётнинг стратегик тармоқларини илмий асосда ривожлантириш, инновация ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Бу жараён, аввало, замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга бўлган малакали кадрлар тайёрлаш билан узвий боғлиқ.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 июндаги қарорига мувофиқ “Янги Ўзбекистон” университети ташкил этилган.
Университетнинг Янги Тошкентда барпо этилаётган бинолари мажмуасининг дастлабки қиймати 200 миллион доллар бўлиб, 50 гектар майдонни қамраб олади.
Лойиҳа Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси буюртмаси асосида туркиялик мутахассислар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Қурилиш ишлари “Özgüven” компанияси томонидан амалга оширилмоқда. Университет биноларини 2027 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Мажмуа таркибида 10 минг талабага мўлжалланган 5 та факультет, ректорат, минг ўриндан ортиқ жойга эга кутубхона, музей, кўргазмалар зали, мультимедиа хоналари барпо этилади. Шунингдек, талабалар учун минг ўринли спорт мажмуаси ва сузиш ҳавзаси, профессор-ўқитувчилар ва талабаларга мўлжалланган 2 минг ўринли ётоқхоналар ҳамда ошхоналар қурилади.
Айни пайтда қурилиш ишлари уч босқичда олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбари лойиҳанинг асосий параметрлари, таълим жараёни учун яратиладиган инфратузилма ва шароитларга алоҳида эътибор қаратди. Ёшларнинг илмий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришда бундай замонавий таълим даргоҳларининг аҳамияти алоҳида қайд этилди.
– Ушбу университетда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, таълим дастурлари бошқа олий ўқув юртлари учун андоза бўлиши керак, – деди давлатимиз раҳбари.
Бошқа олий ўқув юртларини ҳам шу тарзда таъмирлаш, жиҳозлаш, таълимга илғор технологияларни жалб этиш юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, қарийб 4 гектар майдонда Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг янги биносини барпо этиш ишлари амалга оширилмоқда. Иншоот миллий меъморчилик анъаналари ва замонавий архитектура ечимларини уйғунлаштирган ҳолда лойиҳалаштирилган.
Тўрт қаватли биноларнинг умумий майдони 30 минг квадрат метрдан зиёд бўлиб, бир вақтнинг ўзида 1 минг 420 нафар китобхонга хизмат кўрсатиш имконини беради. Кутубхона фондларини сақлаш, ҳисобга олиш, хавфсизлигини таъминлаш ва стерилизация қилиш учун махсус юқори технологияли хоналар ташкил этилади.
Мажмуа кўп функцияли бўлиб, халқаро ва миллий йирик кутубхоналарнинг электрон базаларига онлайн уланиш имкони яратилади. Кўзи ожиз фуқаролар учун махсус ўқиш ва тадқиқот муҳити йўлга қўйилади. Шунингдек, ташриф буюрувчилар учун 300 ўринли кафе, галерея, енгил спорт ўйинлари майдончалари ва дам олиш ҳудудлари барпо қилинади.
Президентимиз ушбу кутубхона Янги Тошкентда барпо этилаётган таълим ва маърифат масканларининг тизимида муҳим ўрин тутиб, ёш авлоднинг интеллектуал ривожи учун мустаҳкам замин бўлишини таъкидлади. Илм-фан ва маънавиятга сармоя киритган давлатнинг иқтисодий салоҳияти ҳам барқарор ва юқори бўлиши қайд этилди.
Замонавий кутубхона имкониятларидан тўлақонли фойдаланиш учун ходимлар ахборот технологиялари ва халқаро стандартларни чуқур ўзлаштириши зарурлигига эътибор қаратилди.
Янги Тошкентда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишув давомида Президент Шавкат Мирзиёев Чирчиқ дарёси устидан янги кўприк ҳамда метро бекати билан бирлаштирилган автотураргоҳ барпо этиш ишларини кўздан кечирди.

Пойтахт ва Янги Тошкент ўртасида транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, транспорт оқимини самарали бошқариш ҳамда аҳоли учун қулай ҳаракат муҳитини яратишга қаратилган мазкур лойиҳалар шаҳар инфратузилмасини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Янги кўприк Тошкент ва Янги Тошкентни боғлайди. Бир суткада 40-50 мингта автотранспорт воситасини ўтказиш қувватига эга бўлади. Қурилиш ишлари жорий йил охирида бошланган бўлиб, айни пайтга келиб лойиҳанинг дастлабки қисми амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасида атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Соҳил ҳудудлари кўкаламзорлаштирилади, энергия тежамкор ёритиш тизимлари ўрнатилади, пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этилади. Шунингдек, кўприк орқали икки тасмали трамвай йўли ётқизилиши режалаштирилган.
Янги Тошкентни Тошкент шаҳри билан боғлайдиган бўлажак метро линиясининг узунлиги 21 километрни ташкил этиб, 9 та замонавий бекатни ўз ичига олади. У кунига 230 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Линия пойтахт метросининг мавжуд тармоқлари билан тўлиқ интеграция қилинади, бу эса йўловчилар учун ягона ва узлуксиз транспорт тизимини шакллантиради.
Давлатимиз раҳбари бўлажак линиянинг автотураргоҳ билан интеграциялашган бекатларидан бирининг қурилиш жараёни билан танишди.
Метро бекати билан интеграциялашган автотураргоҳ 20 минг квадрат метр майдонда барпо этилади, унда автомобиллар, пиёдалар ва жамоат транспорти ҳаракати аниқ ажратилиб, хавфсизлик ва функционалликка устувор аҳамият берилади.
Айни пайтда ҳудудда ер ишлари ва бетон қуйиш ишлари олиб борилмоқда. Мажмуа 2027 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Президентимиз лойиҳаларнинг Янги Тошкент учун стратегик аҳамиятини таъкидлаб, қурилиш ишларини белгиланган муддатларда, юқори сифатда амалга ошириш бўйича ўз тавсияларини берди.
Давлатимиз раҳбари Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекциясига ҳам ташриф буюриб, ҳудудда амалга оширилаётган ва истиқболдаги йирик қурилиш лойиҳалари тақдимоти билан танишди.
Мазкур шаҳар қурилишига 2023 йилда тамал тоши қўйилган эди. Лойиҳа учун Юқори ва Ўрта Чирчиқ туманларидан жами 19 минг 700 гектар ер майдони ажратилган. Концепция Британиянинг “Cross Works” компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Айни пайтда бу ерда 100 дан зиёд катта-кичик лойиҳалар жадал олиб борилмоқда. Ҳар бир ташаббус халқаро меъёрлар ва замонавий шаҳарсозлик тенденцияларига асосланади.

Ҳозирга келиб, дастлабки иншоотлар маҳобати кўрина бошлади. Якунига етаётган 2025 йилда янги шаҳарда олиб борилаётган қурилиш майдонлари 3 миллион квадрат метрга етди.
Бир қанча уй-жой массивлари қурилиши якуний босқичга кирди. Инфратузилма объектларида ишлар жадал бормоқда.
Биринчи босқичда 6 минг гектар ҳудудда қурилиш ишлари бажарилади. Натижада 600 минг аҳоли учун замонавий инфратузилма барпо этилиши белгиланган. Лойиҳа тўлиқ якунланганда эса Янги Тошкент 2 миллион нафар одам яшайдиган улкан мегаполисга айланади.
Бундай кўламдаги қурилиш узоқ муддатли ва барқарор инфратузилмани талаб қилади. Ҳозирги пайтда ҳудудда йирик ер ости муҳандислик тармоқлари қурилмоқда. Бир ва икки секцияли коллекторлар ётқизилиб, иссиқлик, сув, электр энергияси ва телекоммуникация каби барча тармоқларнинг ер остидан ўтказилиши таъминланмоқда.
Транспорт қатновини енгиллаштириш мақсадида олиб борилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Туннель ва ер ости автотураргоҳларининг барпо этилиши шаҳарнинг келажакдаги ҳаракатланиш тизими учун муҳим экани қайд этилди.
Ҳудудда ўн километрлик соҳил боғи ташкил этилди. Бир миллион туп бута ва кўчатлар экилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан шаҳарсозликда “яшил” тамойиллар муҳим ўрин тутиши лозимлиги айтилди. Бунда метро ва электробуслар ҳаракатини мувофиқлаштириш, пиёда ва велосипедчилар учун хавфсиз, тўсиқсиз йўлаклар барпо этилиши бўйича масъулларга қўшимча топшириқлар берилди.
Ҳудудда 60 дан ортиқ давлат идоралари учун замонавий маъмурий бинолар қурилади. Айни вақтда қатор вазирлик ва идоралар вақтинча мажмуаларда фаолият бошлаган.
Инвесторларнинг фаоллиги ҳам юқори. Аукцион орқали сотилган 24 та тижорий лот бўйича 2 миллиард долларлик инвестиция шартномалари имзоланган. Бу маблағлар ҳисобидан меҳмонхоналар, ресторанлар, сервис марказлари ва ўзига хос архитектурага эга замонавий бинолар барпо этилади.
Айни пайтдаги қурилиш жараёнининг ўзида 10 минг нафар инсоннинг бандлиги таъминланган. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгандан кейин эса инновацион технологияларга асосланган, юқори даромадли юз минглаб доимий иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.
Президентимизга Янги Тошкентда барпо этилаётган туризм объектлари, хизмат кўрсатиш ва дам олиш мажмуалари, шунингдек, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида амалга оширилиши режалаштирилаётган йирик инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари тўғрисида маълумот берилди.
Давлатимиз раҳбари ҳар бир ташаббусда илм-фан ютуқларига таяниш, лойиҳаларда маҳаллий руҳни акс эттириш, энг асосийси, улар халқ манфаатига хизмат қилиши лозимлигини таъкидлади.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА махсус мухбирлари