“Politico” нашри сатирик антимукофотлар рўйхатини эълон қилди

11

Унда бу йил ижобий ютуқлари билан эмас, балки хатолари ва ғалати жиҳатлари билан машҳур бўлган таниқли сиёсатчилар ва лойиҳалар қайд этилган.

Ғолиблар орасида Франция собиқ президенти Николя Саркози ҳам бор, у қамоқдаги 20 куни ҳақида хотиралар китобини нашр этганидан сўнг турмадаги “матонати” учун “Ал Капоне” мукофотига сазовор бўлди.

Сунъий интеллектдан энг ёмон фойдалангани учун бериладиган мукофотга ирландиялик сиёсатчи Кетрин Коннолли ва АҚШ президенти Дональд Трамп лойиқ кўрилди. Улар баҳс-мунозаралар ва танқидларга сабаб бўлган ноодатий хабарлари ва СИ видеолари билан жамоатчиликка кулгу бўлди.

Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Трампнинг тариф сиёсатини юмшатишга уринишлари муваффақиятсиз бўлгани учун “Ҳеч бўлмаганда уриниб кўрдингиз” мукофотига сазовор бўлди.

Италиядаги Мессина бўғози кўприги лойиҳаси эса ҳеч қачон амалга ошмайдиган улкан ғоя сифатида “Титаник” мукофотига эга чиқди.

“Politico” шунингдек, Брюсселнинг Шуман айланма йўлига Европа Иттифоқининг узоқ давом этган инфратузилма лойиҳаларининг рамзига айланган чексиз таъмирлаш ишлари учун алоҳида “Дежавю” мукофотини муносиб кўрди.

Муҳаррирлар ушбу антимукофотлар сиёсий йил нафақат қарорлари, балки шов-шувли хатолари билан ҳам ёдда қолишини истеҳзо билан эслатиш учун хизмат қилишини такидлаган.

С.Раҳимов, ЎзА