Қирғизистон собиқ президенти барча давлат мукофотларидан маҳрум этилди

Қирғиз Республикасининг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев барча давлат мукофотларидан маҳрум этилди. Тегишли фармон бугун ўлканинг амалдаги давлат раҳбари Садир Жапаров томонидан имзоланган.
Таъкидланишича, Жапаров Бишкек шаҳри Биринчи май туман судининг 3 июндаги ҳукмини ижро этиш мақсадида ушбу ҳужжатни имзолаган.
Унга кўра, А.Атамбaев мамлакатнинг энг олий мукофоти – “Қирғизистон Қаҳрамони” унвони, II даражали “Манас” ва “Данакер” орденлари, шунингдек, “Данк” медали мукофотидан маҳрум этилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига уларни кейинчалик давлат мукофотлари фондига топшириш учун олиб қўйиш топширилди.
Маълумот ўрнида: Атамбаев 2011 йил декабридан 2017 йил ноябригача Қирғизистон Республикаси президенти бўлган. 2020 йилда у криминал шахс Азиз Батукаевни ноқонуний озод қилиш иши бўйича 11 йил-у икки ойга озодликдан маҳрум этилганди. 2023 йилда собиқ давлат етакчиси колониядан озод қилинди ва даволаниш учун чет элга кетишга рухсат берилди. Ҳозир у хорижда.
Жорий йилнинг 3 июнь куни Бишкекнинг Биринчи май туман суди юртни тарк этган Алмазбек Атамбаевни сиртдан 11 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш ва мол-мулкини мусодара қилиш тўғрисида қарор чиқарди. Собиқ президент коррупция, оммавий тартибсизликлар уюштириш, шунингдек, Қўйтош қишлоғидаги ер майдонларини ноқонуний қўлга киритишда айбдор деб топилган.
Ў.Алимов, ЎзА