Ўзбекистон ва Япония: Стратегик ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга чиқди

2

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 18 – 20 декабрь кунлари Японияга амалга оширган расмий ташрифи доирасида ўтказилган учрашувлар ва эришилган натижалар икки томонлама стратегик ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди.

Бу Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасида ўтказилган парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган давра суҳбатида эътироф этилди.

Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Аъзамхўжаев бошқариб борган мажлисда парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, дўстлик гуруҳлари ва қўмиталар даражасида алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасида қонун ижодкорлиги бўйича тажриба алмашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Сенаторлар “Марказий Осиё + Япония” мулоқотининг биринчи саммитида Токио декларацияси қабул қилингани минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек “яшил иқтисодиёт”, рақамли трансформация ва таълим соҳаларида стратегик ташаббусларни илгари суришга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Давра суҳбати якунида парламент дипломатияси механизмларидан самарали фойдаланиш ҳамда “Ўзбекистон – Япония” парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини янада фаоллаштириш устувор вазифа этиб белгиланди.

Н.Абдураимова, ЎзА