Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг тўққизинчи сессияси тўғрисида ахборот

37

Жорий йилнинг 29 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг тўққизинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, депутатлар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Дастлаб Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси давлат мадҳиялари янгради.

Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев бошқариб борди.

Сессияда дастлаб, Жўқорғи Кенгес Раиси сўнгги йилларда Президентимизнинг Қорақалпоғистонга бўлган алоҳида эътибори билан амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишларига кенг тарзда тўхталди.

Таъкидланганидек, якунланаётган 2025 йилда барча соҳаларда янгиланиш ва ўзгаришлар содир бўлиб, шаҳар ва туманларимизда, ҳатто энг чекка ҳудудларда ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Албатта, бунда Президентимиз томонидан биргина Қорақалпоғистон учун қабул қилинган 25 дан ортиқ фармон ва қарорлари муҳим ўрин тутади.

Сессияда шундай яратиб берилган имкониятлар асосида янги ишга тушган корхоналар, амалга оширилган лойиҳалар ҳақида маълумотлар берилди.

Шунингдек, Жўқорғи Кенгес Раиси шундай кенг имкониятларнинг яратиб берилиши орқали келгуси 2026 йилда амалга оширилиши лозим бўлган устувор мақсадларга эришиш бўйича аниқ режалар белгилаб олинганлигини таъкидлади.

Сессия кун тартибидаги дастлабки масала, Қорақалпоғистон Республикасининг 2026 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида бўлиб, бу масала бўйича Иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари М.Бекчанов маъруза қилди.

Таъкидланганидек, Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар ва ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар натижасида 2025 йил якуни билан, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 105,9 фоизга ўсиши кутилмоқда. Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси маҳаллий бюджети даромадлари 100,1 фоизга бажарилиши кутилмоқда.

Сессияда макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ҳақида маълумотлар берилди.

2026 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмининг ўсиш суръатини ўтган даврга нисбатан 6,2 фоизга, 2030 йилга бориб 6,0 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси инспектори Б.Мирзоев маъруза қилди. Кун тартибидаги ушбу масала батафсил кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан тегишли қарор қабул қилинди.

Сессия кун тартибидаги кейинги масала «Рақобат тўғрисида»ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг лойиҳаси ҳақида бўлиб, бу масала бўйича Жўқорғи Кенгеснинг Бюджет, иқтисодий ислоҳотлар, инвестициялар ва инновация масалалари қўмитаси раиси Б.Сейтназаров маъруза қилди. Бу масала ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

Кун тартибидаги кейинги масала «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг лойиҳаси ҳақида бўлиб, бу масала бўйича Жўқорғи Кенгеснинг Ижтимоий-маданий ривожланиш, ёшлар сиёсати ва жамоат бирлашмалари масалалари қўмитасининг раиси М.Атамуратов маъруза қилди. Мазкур масала юзасидан депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.

Сессия кун тартибида «Қорақалпоғистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонуни лойиҳаси ҳақида бўлиб, Жўқорғи Кенгеснинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси А.Атажанов маъруза қилди. Бу масала ҳам батафсил кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.

Сессияда «Камбағалликдан фаровонликка қараб» дастури асосида белгилаб берилган вазифалар ижроси юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига юборилган Парламент сўрови натижаси тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Мазкур масала юзасидан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Қ.Азербаев маъруза қилиб, батафсил кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан тегишли қарор қабул қилинди.

Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги умумий фойдаланишдаги автомобиль ва ички йўлларни ҳамда кўприкларни таъмирлаш йўналишида олиб борилаётган чора-тадбирларнинг бориши бўйича Автомобиль йўллари бош бошқармасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала бўйича Жўқорғи Кенгеснинг Саноат, қурилиш, транспорт ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси И.Сдиков маъруза қилди. Бу масала ҳам батафсил кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

Кун тартибидаги кейинги масала тижорат банкларида дастурлар доирасида кредит маблағларининг ажратилишида ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини, шунингдек ходимлар ўртасида коррупциянинг олдини олишга қаратилган ишлар бўйича Марказий банкнинг Қорақалпоғистон Республикаси Бош бошқармасига парламент сўрови юбориш тўғрисида масала бўлди. Бу масала бўйича Жўқорғи Кенгеснинг қўмита раиси Б.Сейтназаров маъруза қилди ва депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.

Сессия кун тартибида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи эътироф этилаётган фуқаролар рўйхатини сессия қарори билан тасдиқлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Ўзбекистон Республикасининг махсус Қонунини қўллаб, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи эътироф этилаётган 385 нафар фуқаронинг рўйхати сессия қарори билан тасдиқланди.

Сессия кун тартибида Қорақалпоғистон Республикаси Конституциявий назорат қўмитаси раисини сайлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилиб, Парахат Айтниязов Қорақалпоғистон Республикаси Конституциявий назорат қўмитаси раиси лавозимига қайта сайланди.

Сессия мажлисининг кун тартибидаги кейинги масала Жўқорғи Кенгес Президиумининг тегишли қарорларини тасдиқлаш тўғрисида бўлиб, бу масала бўйича ҳам депутатлар томонидан тегишли қарор қабул қилинди.

Шу билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг тўққизинчи сессияси ўз ишини якунлади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги