Шўманайда «Ёшлар маркази» очилди

61

 

Янги йил арафасида шўманайлик ёшлар учун катта қувончли янгилик юз бериб, туман марказида «Ёшлар маркази» биноси тантанали равишда фойдаланишга топширилди.

Унинг очилиш маросимига туман ҳокими А.Аметов, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари бошқармаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи П.Махсетбаев, Давлат хавфсизлик хизмати Шуманай тумани бўлимининг, туман ички ишлар бўлимининг, мудофаа бўлимининг раҳбарлари, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари ва ёшлар иштирок этди.

Бинода «Ёшлар маркази» фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида уни реконструкция қилиш учун Қорақалпоғистон Республикаси маҳаллий бюджети ҳисобидан 853,4 млн. сўм, жиҳозлаш учун Ёшлар ишлари агентлиги ҳисобидан 361,0 млн. сўм маблағ ажратилди.

Марказнинг биринчи қаватида «New Action» ўқув маркази, иккинчи қаватида Ёшлар кутубхонаси, конференция зали, Шуманай тумани Ёшлар ишлари бўлими жойлашган. «New Action» ўқув марказида IТ ва робототехника, ментал арифметика, инглиз ва рус тилларига ёшларни кенг қамраб олиш режалаштирилмоқда.

Шу билан бирга, марказда ёшлар энди замонавий шароитларда билим ва кўникмаларини ривожлантириш, хорижий тилларни ўрганиш, ахборот технологиялари бўйича билимларини ошириш, ментал арифметика дарсларида қатнашиш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, марказда яратилган кутубхона орқали ёшларнинг китобхонлик маданиятини ошириш, мустақил таълим олиш ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш учун барча зарур шароитлар яратилган.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги