Яна тўрт ёш янги уйли бўлди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг ижроси доирасида Қорақалпоғистон Республикасида ёшларни қўллаб-қувватлаш йўналишида бир қатор эзгу ишлар амалга оширилди.
Хусусан, якунланаётган 2025 йил давомида Қорақалпоғистон бўйича жами 86 нафар ёш замонавий, барча қулайликларга эга уй-жойлар билан таъминланди. Бу эса ёшларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларнинг эркин ҳаётга қадам қўйиши ва келажак режаларини амалга оширишида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Қораўзак ва Нукус туманларида ҳам ушбу қарор ижроси доирасида 4 нафар ёшга туман марказларида қад ростлаган уйлардан замонавий 2 хонали уйнинг калитлари тантанали равишда топширилди. Бундай эзгу ишлар Президентимиз томонидан ёшларга бўлган доимий эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир.

Ёшлар учун янада кенг имкониятлар яратиш, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш ва ижтимоий барқарорликни таъминлашга қаратилган бундай чора-тадбирлар яна давом этади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги