Мурожаатнома илм аҳли учун дастуруламал бўлади

Президентимизнинг бугун Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномаси мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида муҳим воқеийлик бўлди. Давлат раҳбари ўз нутқида кўплаб йўналиш ва соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар қаторида маҳалла тизимга алоҳида тўхталиб ўтди.
Бугун дунёда ўхшаши бўлмаган тузилма – маҳалла институти нафақат республикамизда ўзини намоён қилди, балки жаҳонда алоҳида эътироф қилинмоқда. Ўз навбатида бошланаётган 2026 йил мамлакатимизда – Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили, деб эълон қилиш таклиф қилинди. Бундан кўрса бўладики, келгуси йил маҳаллаларимизни янада обод қилиш, аҳолига қулайлик яратиш ва янги ташаббусларга йўл очади.
Шунингдек, иқтисодиётни рақамлаштириш, кончилик соҳасини такомиллаштириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Бу бежизга эмас, албатта. Президентимиз ўз нутқида 2030 йилгача олтин ишлаб чиқариш ҳажми 175 тоннага етказилишини таъкидлади. Буни амалга ошириш учун энди юртимизда барча имконият ва салоҳият етарли.
Навоийдаги олтин конларида маъдан қазиб олиш имкониятлари, “Мурунтов” конини ўзлаштиришнинг навбатдаги босқичи, “Олмалиқ КМК” АЖ томонидан янги металлургия мажмуасини барпо этиш каби саъй-ҳаракатлар айтилди. Буларнинг барчаси соҳада фаолият юритаётган биз каби олимлар, мутахассисларга катта масъулият ва ифтихордир.
Бундан ташқари, олий таълим муассасаларида илм-фан ва инновация ғояларини такомиллаштириш, янги ихтироларни амалга татбиқ қилиш лозимлиги қайд этилди. Эндиликда муаллимлар, олимлар учун ўзини кўрсатишга катта имкониятдир. Ҳозиргача саноатимиздаги айрим жабҳаларда ишлатилаётган жуда кўп технологиялар 1950-60 йилларда лойиҳалаштирилган ва 1970-80 йилларда амалга оширилган лойиҳалардир.
Бугунги кунда замон талаби бўйича унумдорликни ошириш лозим. Кўпроқ қимматбаҳо маъданларни қазиб олиш, уларни саноатда қайта ишлаш ва харидоргир маҳсулотга айлантириш давр талаби бўлмоқда. Ишонаманки, келгусида бу мақсадларга бу мақсад ва ташаббусларга эришамиз. Президентимизни Мурожаатномаси бу жараёнда бизга катта дастуруламал бўлади.
Абдурашид Ҳасанов,
академик.
ЎзА