Нега радио эшитмай қўйдик?

25

Ижтимоий тармоқларнинг ривожланиши барча учун кенг имкониятлар эшигини очгани ҳақиқат. Унда исталган соҳага доир маълумотлар, материаллар талайгина. Аммо матбуотнинг тараққиёти сифатида баҳоланувчи радио, телевидение бугунги кунда қай даражада эътибор марказида?

Ижтимоий тармоқларнинг ривожланиши барча учун кенг имкониятлар эшигини очгани ҳақиқат. Унда исталган соҳага доир маълумотлар, материаллар талайгина. Аммо матбуотнинг тараққиёти сифатида баҳоланувчи радио, телевидение бугунги кунда қай даражада эътибор марказида?

Гап шундаки, ижтимоий тармоқлар ҳар иккиси учун ҳам рақобат воситаси сифатида майдонга чиқиб келди. Унгача эса радио-телевидение бир-бирига рақобатдош эмас, балки бир-бирини тўлдирувчи сифатида фаолият юритган. Айниқса, радио юртдошларимизнинг доимий ҳамроҳига айланган десак, хато бўлмайди. Ундаги ахборот, турли кўнгилочар дастурлар ҳамда жозибадор мусиқий туҳфалар кишиларнинг вақтини мазмунли ўтказишига муҳим омил бўлиб хизмат қилган.

–Ўйлашимча, радио мен учун алоҳида мактаб вазифасини ўтаган ва ўтаб келмоқда. Мен забардаст ҳофизларимиз қўшиқлари-ю, моҳир созандаларимиз куйлари билан айнан радио орқали танишганман. Мусиқага, адабиётга нисбатан меҳр уйғонишига айнан радионинг ҳам ўрни беқиёс десам, янглишмаган бўламан, – дейди Ўзбекистон халқ ҳофизи Оролмирзо Сафаров.

Дарҳақиқат, ҳар бир соҳанинг салоҳиятини унинг иш сифати кўрсатади. Юқорида бежиз ижтимоий тармоқлар ҳақида сўз очмадик. Гарчанд, унда танлов имкони кенг ва қулай бўлса-да, сифат борасида етарлича камчиликлар кўзга ташланади.

Радионинг яна бир аҳамияти шундаки, у ўзбек сухандонлари мактабининг ташкил топиши ва ривожланишида муҳим кўприк вазифасини ўтаган. Бир қанча радио бошловчилар халқимиз қалбидан ўзининг оҳанрабо овози ва равон нутқи билан чуқур ўрин олишга муваффақ бўлишган. Муслима Муродова, Дилфуза Юсупова, Маъмуржон Абдиев ва Озод Равшанлар шулар жумласидан.

Хўш, бугун одамлар нима учун радио эшитмай қўйди? Бу савол оғриқли аслида. Негаки, миллатнинг ҳақиқий матбуот салоҳиятини намоён қилувчи оммавий ахборот воситаларидан бири бу шубҳасиз радиодир. Эҳтимол, радио ҳам ижтимоий тармоқлар ёки баъзи телеканаллар билан рақобат қилиш учун турли кўнгилочар эшиттиришлар тайёрлаши керак, деган хулоса тўғридир. Аммо ҳақиқий санъатнинг, журналистиканинг вазифаси тингловчи, томошабинга эргашиш эмас, балки эргаштиришдан иборат эканини унутмаслик лозим. Зеро, олтин зангламас, асал айнимас.

Шербек Исломов,

ЎзА