“Барқарор шаҳар” платформаси ишга туширилиб, “яшаш учун қулайлик индекси”ни юритиш йўлга қўйилади

Президентимиз Мурожаатномада келгуси йилда илк бор маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш учун 20 триллион сўм вилоятларнинг ўзига берилишини таъкидлади.
Ушбу маблағларнинг ҳар бир сўми аҳоли учун қўшилган қиймат яратиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Шу боис, бу пуллар умуман қайсидир туман учун эмас, балки маҳаллада иш ўринлари яратадиган, аҳолини даромадли қиладиган аниқ лойиҳаларга йўналтирилади. Бу бюджет маблағларини самарали ишлатишда лойиҳавий ёндашув бўлади.
Урбанизация ва шаҳарларни барқарор ривожлантириш бўйича янги ислоҳотлар бошланади.
Жумладан, шаҳарлар тартибсиз кенгайишининг олдини олишда аниқ мезонлар белгиланади ва шу орқали экин майдонларининг асоссиз қисқариб кетишига чек қўйилади. Шунингдек, республикада илк бор 45 та агломерация ҳудудлари белгиланади.
Келгуси йилда “Барқарор шаҳар” платформаси ишга туширилиб, “яшаш учун қулайлик индекси”ни юритиш йўлга қўйилади. Бу индекс орқали шаҳарлардаги ҳар бир маҳаллага хос муаммолар аниқланиб, уларга мос ечимлар берилади.
ЎзА