Ўзбекистон-Саудия Арабистони: IT соҳасида ҳамкорлик

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юсуф ал-Утайбий билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик янги босқичга кўтарилгани таъкидланди. Давлат раҳбарлари ўртасидаги ўзаро ишонч ва яқин мулоқот ахборот технологиялари соҳасида қўшма лойиҳаларни жадал ривожлантиришга хизмат қилаётгани қайд этилди.

Томонлар DataVolt компанияси томонидан мамлакатимизда барпо этилаётган “яшил” маълумотлар маркази лойиҳасининг жорий ҳолати ва унинг келгуси босқичлари хусусида фикр алмашди.
Шунингдек, Саудия Арабистонида фаолият юритаётган компанияларни Ўзбекистон бозорига жалб этиш, масофавий хизматлар экспортини кенгайтириш ҳамда IT Park имкониятларидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув якунида томонлар кадрлар тайёрлаш, қўшма семинар ва тренинглар ташкил этиш орқали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳим эканини таъкидлади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА