Ўзбекистон-Хитой: босма платалар ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик имкониятлари ўрганилди

Бугунги кунда электроника ва босма платалар саноати жаҳондаги тез ривожланаётган соҳалардан бири ҳисобланади. Ўзбекистонда ушбу йўналишда ҳамкорликни кенгайтириш ва замонавий технологияларни жорий қилиш истиқболлари аҳоли учун юқори сифатли маҳсулотлар, саноат инфратузилмасини ривожлантириш ва халқаро стандартларга мос келадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини беради.
Шу боис, Хитойнинг электроника соҳасида фаолият юритувчи компаниялари билан ҳамкорлик истиқболлари мамлакатимиз учун стратегик аҳамиятга эга.
«Ўзэлтехсаноат» уюшмасида Хитой Халқ Республикасининг электроника ва электротехника соҳасида фаолият юритувчи бир қатор компаниялари вакиллари билан ўтказилган учрашувда шундай имкониятларни таҳлил қилишга аҳамият қаратилди.
Унда томонлар ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Хусусан, Ўзбекистонда босма электрон платалар (PCB) ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш истиқболлари бўйича “Shenzhen Welldone Circuit” компанияси вакиллари билан батафсил фикр алмашилди.
Музокаралар давомида мамлакатимизда босма платалар ишлаб чиқариш технологиялари, халқаро сифат ва хавфсизлик стандартлари, муҳандислик ечимлари ҳамда саноат инфратузилмасининг имкониятлари муҳокама қилинди. Шунингдек, электроника, саноат автоматикаси, автомобиль электроника ва қайта тикланувчи энергетика тармоқларида босма платаларга бўлган эҳтиёж масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунларига кўра, Ўзбекистон ва Хитой компаниялари ушбу йўналишдаги ҳамкорлик масалаларини қўшимча ўрганиш, техник ва иқтисодий жиҳатларни таҳлил қилиш ҳамда келгусида мумкин бўлган ҳамкорлик шакллари юзасидан мулоқотни давом эттиради.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА